Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 апрель куни мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зарифни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда иқтисодий ҳамкорлик масалаларига, савдо алоқаларини ривожлантириш ва янги кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, Эроннинг денгиз портларидан самарали фойдаланиш ҳамда Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон транспорт йўлагини ривожлантириш муҳим экани таъкидланди.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг томонларни қизиқтирган долзарб жиҳатлари, шу жумладан минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва Афғонистонда тинчлик жараёнини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

«Эрон ташқи сиёсий идораси раҳбари Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича тинчлик музокараларига кўмаклашиш, ушбу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликка жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади», — дейилади хабарда.

Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов аввалроқ, «Мозори-Шариф-Кобул-Пешавар» темир йўл лойиҳасини амалга оширишнинг аҳамиятига тўхатиб ўтган (Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги учрашувдан сўнг) ва нима учун бу лойиҳани «Мозори Шариф — Ҳирот» йўналиши билан солиштириш тўғри эмаслигини изоҳлаган эди.

Эрон портлари, аниқроғи Бандор-Аббос порти йўналишидаги йўллар аллақачон мавжуд бўлиб, улар орқали транспорт қатнови йўлга қўйилган. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ташқи савдо юклари Бандор-Аббос (ва келажакда Чабаҳарга) учта темир йўл ва иккита йўл йўллари орқали етказиб берилмоқда. Ўтган йили коронавирус пандемиясига қарамай, Эрон йўналишида транзит 5 фоизга, темир йўл орқали эса 31 фоизга ортганини, қайд этганди эксперт.

Шунга қарамасдан, у Покистон йўналиши Эронникидан юк ташишнинг янада жозибадор нархи билан фарқ қилишини эътироф этганди. Экспертнинг таҳминий ҳисоб-китобларига кўра, Тошкентдан Карачига (Покистондаги порт шаҳри) контейнер ташиш нархи тахминан 1400−1600 долларни, «Тошкент-Бандор-Аббос» йўналиши бўйича еса 2600−3000 долларни ташкил этади. Яъни, қарийб 1,5−2 бараварга кам.