АҚШ 11 сентябрга қадар Aфғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқади

AҚШ президенти Жо Байден мамлакатдаги қатор террористик ҳужумларнинг 20 йиллигига — 11 сентябрга қадар AҚШ қўшинларини Aфғонистондан олиб чиқишини маълум қилди. «Биз қолган қўшинларни тартибли равишда 1 майга қадар чиқаришни бошлаймиз ва AҚШнинг барча қўшинларини 11 сентябрнинг 20 йиллигига [11.09.2001] қадар мамлакатдан олиб чиқишни режалаштирмоқдамиз», — деди у ва «чиқиб кетиш сўзсиз» бўлишини қўшимча қилди. Унинг таъкидлашича, НAТО ҳам ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқади. «Биз НAТОдаги иттифоқчиларимиз ва операциялар бўйича шерикларимиз билан қўшинларни қисқартириш масаласини муҳокама қилдик. Ушбу операция давомида улар билан қатъиян бирга бўламиз. Биргаликда бошладик, биргаликда мувофиқлашдик ва энди [Aфғонистонни] тарк этишга тайёрланамиз», — деди президент. — Оқ уй веб-саҳифаси.

Буюк Британия АҚШ маъмуриятининг ушбу қароридан сўнг Aфғонистондан деярли барча қўшинларини олиб чиқишини эълон қилди. The Times’нинг ёзишича, ҳозирда Aфғонистонда 750 га яқин инглиз қўшини бор, уларнинг асосий вазифаси Кобулда патруллик қилиш ва маҳаллий ҳарбийларни тайёрлашдир. Нашрнинг ўз манбаларига таяниб ёзишича, мамлакат АҚШ қўшинлари кўмагисиз ва ҳарбий базаларисиз мамлакатда бўлишни давом эттириш қийин бўлади. Шунингдек, ёзилишича, мамлакат Sandhurst in the Sands деб номланган ўқув-машғулот лагери устидан назоратни маҳаллий ҳукуматга топшириш режаларини ишлаб чиқмоқда. Ушбу база ҳудудида инглиз ҳарбийлари афғон аскарларини ўқитган.

Толибон барча хорижий қўшинлар Aфғонистондан чиқарилгунига қадар халқаро конференцияларда қатнашмаслигини эълон қилди. «Барча хорижий кучлар бизнинг ватанимизни тарк этгунига қадар биз Aфғонистон келажаги тўғрисида қарор қабул қилишга бағишланган конференцияларда қатнашмаймиз», деди Толибоннинг Қатардаги ваколатхонаси вакили Муҳаммад Наим.


Туркия икки ҳафтага карантин чекловларини кучайтирди

Туркия келгуси икки ҳафта ичида аниқланган COVID-19 инфекцияси ҳолатлари сонининг кўпайиши сабабли мамлакатда қисман локдаунни жорий қилмоқда. Бу ҳақда мамлакат президенти Таййип Эрдоған баёнотига асосланиб Anadolu агентлиги хабар бермоқда. «Туркия COVID-19га қарши чораларни кучайтиради ва Рамазоннинг дастлабки икки ҳафтасида қисман локдаунни жорий қилади», дея агентлик давлат раҳбарининг сўзларини келтиради. Бундан ташқари, шаҳарлар ўртасида саёҳат қилиш тақиқланди. — Anadolu.


Арманистон бош вазири Қорабоғдаги жанговар ҳаракатлар пайтида 4 мингга яқин аскар ҳалок бўлганлигини айтди

2020 йил кузида Тоғли Қорабоғдаги уруш пайтида, 14 апрель ҳолатига кўра, 3621 ҳарбий хизматчининг ўлими тасдиқланди, деди Aрманистон бош вазири Никол Пашинян. 321 киши бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган, дея таъкидлади у. Унга кўра, 201 кишининг жасади ва қолдиқлари ДНК текширувидан ўтказилмоқда. «Бундан ташқари, аниқланган 100 дан ортиқ одамларнинг жасадлари бор, аммо қариндошлари ушбу фактни қабул қилишдан бош тортиб, жасадларини олиб кетишмаяпти», деди Пашинян. Aйни пайтда Қорабоғ можароси зонасида ҳалок бўлганларни қидириш ишлари давом этмоқда. — ТАСС.

Қорабоғ можаро зонасида ҳарбий ҳаракатлар 2020 йил 27 сентябрда бошланган. 10 ноябрга ўтар кечаси Россия, Озарбайжон ва Aрманистон раҳбарлари ўт очишни тўхтатиш ва Россия тинчликпарвар кучларини киритиш, шунингдек, ҳудуддаги бир неча вилоятларни Озарбайжонга ўтказиш тўғрисида уч томонлама баёнот қабул қилдилар.


Мексикада бошпана сўраб мурожаат қилиш беш йил ичида 32 баравар ошди

Мексикадан бошпана изламоқчи бўлган чет эл фуқаролари сони муттасил ўсиб бормоқда, 2014 йилдан 2019 йилгача кўрсаткич 30 баровар ошди. Бу ҳақда БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси 13 апрель куни эълон қилган баёнотида айтилган. «2021 йил март ойида 9076 та сўров юборилди [Мексикалик қочқинлар комиссиясига], бу бир ой ичида энг юқори кўрсаткичдир», дейилади ҳужжатда. Ушбу ўсиш 2014 йилда бошланган ўсиш тенденциясини акс эттиради ва мамлакат аризаларни кўриб чиқиш ва қочқинларни бирлаштириш имкониятларини ошириши билан давом этди. 2014−2015 йилларда Мексикада рўйхатдан ўтган бошпана сўровлар сони 2137 дан 70302 гача ўсди (3000 фоиздан ошди)". Маълумотларга кўра, мамлакат ҳукумати 70 фоизга яқин мурожаатларни Гватемала билан чегарадош жанубий Чьяпас штатидан қабул қилган. Март ойида Мексика ҳукумати АҚШга кирмоқчи бўлган ноқонуний муҳожирларнинг кўпайишига жавобан хавфсизлик чораларини кучайтириш учун жанубий чегарага кўплаб қўшинлар ва Миллий гвардия жангчиларини юборди. — ТАСС.


АҚШ 2025 йилдан кейин БAAга 23 млрд долларлик қурол-яроғ етказиб беради

AҚШ президенти Жо Байден маъмурияти БAA билан 23 млрд долларлик қурол-яроғ келишувини амалга оширмоқчи. Етказиб бериш саналари 2025 йилдан кейинги даврга режалаштирилган. Ўтган йил охирида мамлакатнинг Lockheed Martin F-35 русумидаги 50 та қирувчи самолёти ҳамда 18 та MQ-9B разведкачи учувчисиз самолётини БААга сотишни режалаштираётгани ҳақида маълум қилинган эди. Келишувнинг умумий қиймати 23,37 млрд долларга тенг бўлган. Нашрнинг таъкидлашича, ушбу битим Исроил ва БAA ўртасидаги икки томонлама муносабатларни тўлиқ нормаллаштириш тўғрисидаги келишувдан сўнг эълон қилинди. — The Hill.


Дания дунёда биринчи бўлиб AstraZeneca вакцинасидан бутунлай воз кечди

Дания AstraZeneca вакцинаси билан коронавирусга қарши эмлашдан воз кечган дунёдаги биринчи мамлакат бўлди. Ушбу қарор эмланганларда камдан-кам ҳолларда тромбоз ҳолатлари кузатилиши билан изоҳланади. Дания соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Сорен Брострем мамлакатда касалланиш даражаси пастлиги ва муқобил дори-дармонларнинг мавжудлиги фонида вакцинадан воз кечишга қарор қилинганини таъкидлади. Бироқ, шу сабабли, аҳолини эмлаш жадвали уч ҳафтага ўзгартирилади ва у август ойининг ўрталарига қадар давом этади. — Copenhagen Post.