Ҳукумат қарори билан «Collegium Humanum» Варшава менежмент университети Андижон филиали ташкил этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Филиал нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланиб, ўқитиш кундузги таълим шаклида, инглиз, рус ва ўзбек тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Университет филиалида дастлабки босқичда қуйидаги бакалавриат таълим йўналишлари бўйича талабалар қабул қилинади:

  • «Молия ва бухгалтерия ҳисоби»;
  • «Транспорт ва логистикада менежмент»;
  • «Халқаро бизнес ва маркетинг»;
  • «Туризм, меҳмонхона иши ва умумий овқатланишда менежмент ва маркетинг»;
  • «Кичик ва ўрта бизнесни бошқариш»;
  • «Ахборот-коммуникация технологиялари».

Маълум қилинишига кўра, филиалнинг ҳар йилги қабул параметрларининг 10 фоизидан кам бўлмаган қисми ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли фарзандлари орасидан танлов асосида абитуриентларни (филиал гранти асосида) ўқишга қабул қилиш учун ажратилади. Шунингдек, иқтидорли ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган талабаларга тўлов-контракт миқдорига нисбатан 50 фоизгача чегирма берилади.

Варшава унивеситети филиалида таълим бериш учун 70 фоизгача малакали хорижий профессор-ўқитувчилар Польша ва Европанинг бошқа давлатларидан жалб қилинади.

Филиалда таълим 2021/2022 ўқув йилидан бошланиб, тўлов-контракт маблағлари миқдори Муассис томонидан белгиланади. ОТМ битирувчиларига Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган диплом берилади.