15 апрель куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида халқаро аэропорт реконструкцияси лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Ҳудуди 25,2 гектарни ташкил қилган мазкур аэропорт «Uzbekistan Airports» АЖ «Самарқанд халқаро аэропорти» МЧЖ буюртмасига асосан барпо этилмоқда, дея хабар беради «Газета.uz» мухбири.

Маълумотга кўра, «Air Marakanda» лойиҳа компанияси, Германиянинг «Мюнхен» халқаро аэропорти, Туркиянинг «Истанбул» халқаро аэропорти мутахассислари билан ҳамкорликда Самарқанд халқаро аэропортини йирик транспорт ва сайёҳлик марказига айлантириш режалаштирилмоқда.

Аэропорт йўловчилар терминалининг умумий майдони 42 минг метр квадрат бўлиб, 3 қаватдан иборат бўлади. Аэропорт соатига 800 нафар йўловчига хизмат кўрсатиши мумкин бўлади.

Янги терминал йилига 1,5 млн йўловчига хизмат кўрсатади. Терминалда 29 та рўйхатдан ўтиш ойналари (20 та халқаро, 9 та маҳаллий), шунингдек яна 5 та мустақил рўйхатдан ўтиш киосклари мавжуд бўлади.

«Ҳозирда биз ORAT дастури устида иш олиб бормоқдамиз. Бу ўз навбатида эски аэропортнинг операцион тизимидан янги тизимга ўтиш имконини беради. Барча ходимлар янги талаб, технология ва бизнес жараёнлар асосида қайта ўқитилади», — деди «Air Marakanda» МЧЖ тижорат ишлари бўйича директор ўринбосари Артём Пак Zamon дастурига берган интервьюсида.

Аэропорт биноси архитектурасининг ғояси Мирзо Улуғбек ишларидан илҳомланиб олинган. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Маълумотларга кўра, аэропорт лойиҳачиси «Аэро-йўл лойиҳа» МЧЖ, пудратчиси эса «Самарқанд йўллардан мунтазам фойдаланиш» ДУК ҳисобланади.



Лойиҳа қиймати 238,2 млрд сўм бўлиб, ҳозирда ажратилган маблағ 200 млрд сўмни ташкил этмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан Самарқанд халқаро аэропорти ва аэродром комплексининг (аэронавигациядан ташқари) модернизацияси ҳамда бошқаруви ҳуқуқи ДХШ асосида 20 йилга «Air Marakanda» компаниясига топширилади. Компания инфратузилма ривожланишига 80 млн доллар инвестиция киритиши кўзда тутилган.

Авиаёқилғи нархини пасайтириш, бозор шароитида унинг нархини шакллантириш, истеъмолчилар учун хизматлар нархини 20−30% га тушириш ва парвозларни тез-тез амалга оширадиган авиакомпаниялар учун аэропорт ставкалари ва тўловларини камайтириш орқали аэпортдаги нархлар сиёсати оптимизация қилинади.

Ҳозирда Asiana Airlines Inc., Lufthansa, Air Astana, China Southern Airlines, Якутия, Somon Air, Kam Air, Азербайджан Хава Йоллари, Almasria Universal Airlines каби халқаро компаниялар ушбу аэропортга парвозлар амалга ошириш учун жалб қилинмоқда. FlyDubai, Belavia, Международные авиалинии Украины ва Air Cairo компаниялари билан меморандумлар имзоланган.

Хабарга кўра, ўтиш йўлагидан учиш-қўниш йўлагига боғловчи қисмида қурилиш ишлари 2021 йил 1 сентябрда якунланади. Ички аэродром назорат йўлагида қурилиш ишлари 45 фоизга бажарилгани қайд этилиб, 2021 йил 1 августда якунланиши кутилмоқда.

Самарқанд халқаро аэропорти ва янги қурилаётган аэровокзал комплекси 2021 йил 1 сентябрда фойдаланишга топширилади.