Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Самарқанд вилоятида фаоллар иштирокида ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари мансабдорлар томонидан коррупцияга йўл қўйилаётган ҳолатларга муносабат билдирди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.
«Мени қуйи бўғиндаги кадрлар масаласи кўп қийнайди. Қани энди қуйи бўғиндаги мансабдорлар, тўртта сектор раҳбарларининг фаолиятини баҳолаб берадиган мезон бўлса. Афсуски, йўқ. Телевизорда кўрган бўлсанглар Андижондаги раҳбарлар 120 минг, 60 минг, 70 минг пора билан қўлга тушаяпти. Ерни сотишга 60 минг олаяпти, воситачи бўлаяпти. Нима Самарқандда йўқми? Самарқандда ҳам бор», — деди давлат раҳбари. «Кимни ҳисобига коррупция бўляпти? Халқимиз ҳисобига. Умид билан яшаган бечора онамиз, синглимиз, опамиз, ўғилларимиз, қизларимизни ҳисобига ўғирлик бўляпти», — деди президент.
Давлат раҳбари бу каби вазиятлар барчага бирдек сабоқ бўлиши кераклигини таъкидлади.
«Давлат нима билан қудратли? Қонун билан. Ҳеч кимни бунақа қилишига йўл қилмаймиз. Бу нарсалар бизга сабоқ бўлиши керак», — дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятида мансабдор танишлари орқали 100 гектар ер ажратиб, ҳужжатларни тайёрлатиб бериш эвазига 128 минг доллар олган фуқаролар ушлангани ҳақида, шунингдек, бунда воситачилик учун аванс сифатида 7 минг доллар олганликлари ҳақида хабар берган эдик.
Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг маълум қилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлигида 2020 йил давомида энг кўп коррупция ҳолатлари кузатилган.