Самарқанд вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимларининг жорий йилнинг I чораги давомидаги фаолияти сарҳисоб қилинди. Экология давлат қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, фуқаролар томонидан уч ой ичида 1477 та қонунбузилиш ҳолатлари содир этилган.

Йўналишлар кесимида қоидабузарликлар қуйидагича:

  • Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишни назорат қилиш — 633 та;
  • Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш — 503 та;
  • Сув объектларини муҳофаза қилиш — 53 та;
  • Ер ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш — 82 та;
  • Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш — 160 та;
  • Ов ва овчилик қоидаларига риоя қилиш — 37 та;
  • Балиқчилик қоидаларига риоя қилиш — 9 та.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан қонунбузарларнинг барчасига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан, маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Натижада 748,4 млн сўм жарима белгиланган. Қолаверса, 98 та ҳолатда 279,9 млн сўм табиатга етказилган зарар ҳисобланган.

Вилоят экология бошқармасининг маълум қилишича, ҳозирга қадар шундан 470,9 млн сўм миқдорида жарима ва 209,8 млн сўм зарарлар давлат фойдасига ундирилган. Мазкур рақамлардан кўриниб турибдики, қолган 277,4 млн сўм жарима ҳамда 70,8 млн сўм зарар ундирилмаган.