Президент Шавкат Мирзиёевнинг 15−16 апрель кунилари Самарқандга ташрифи давомида вилоятни бешта йўналиш бўйича, жумладан туризм соҳаси ҳам ривожлантирилишини таъкидлаган эди. Шу қаторда, Самарқанд халқаро аэропорти сентябргача ўз фаолиятини бошлаши, йилига 1,5 млн кишига хизмат кўрсатиши айтилди. Давлат раҳбарига унинг лойиҳаси ҳам тақдим этилди.
Бундан ташқари, вилоятнинг зиёрат туризмини янада ривожлантириш мақсадида Имом ал-Бухорий зиёратгоҳи қайтадан бунёд этилмоқда (фото). Қолаверса, Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйида 8 та меҳмонхона, карвонсарой, дам олиш масканлари ва халқаро Конгресс-холлни ўзи ичига олган туризм маркази 2022 йилга қадар қуриб битказилиши айтилди.
Шундан келиб чиқиб, журналистлар билан суҳбат давомида бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов хорижлик туристларни жалб қилиш борасида қандай ишлар амалга оширилаётгани ҳақида гапирди.
«Ҳозирги кунда биз Самарқанд салоҳиятининг [туризм салоҳияти назарда тутилмоқда — таҳр.] кўпи билан 5 фоизидан фойдаланяпмиз. Самарқанд халқаро аэропорти орқали 2021 йилда 165 минг йўловчи келиши кутилмоқда. Солиштириб кўрадиган бўлсак, Ўш ва Чимкент аэропортлари орқали йилига камида 1,3−1,4 млн йўловчи ўтади. Бу албатта Самарқанд салоҳиятини оча олмаганимиздан ҳам далолат», — деди у.
Мазкур халқаро аэропортга очиқ осмон мақоми берилиши маълум қилинди.
«Самарқанд халқаро аэропортига очиқ осмон мақоми берилмоқда. Бу билан кўплаб авиакомпаниялар тўғридан-тўғри учиб келиши мумкин бўлади. Авваламбор, барча йирик авиакомпанияларга мурожаат қилиб, бу ердаги имкониятларнинг тақдимотларини ўтказдик. Ҳозирнинг ўзида 15 та авиакомпания Самарқандга парвозларни амалга оширишга тайёрлигини билдирмоқда», — дея таъкидлади вазир.
У Ўзбекистон туризмининг асосий мижози араб мамлакатлари фуқаролари эканини қайд этиб, бунинг сабабини тушунтирди.
«Европа ёки бошқа ривожланган мамлакатларнинг аҳолиси йилига бир-икки маротаба сайёҳатга чиқади. Лекин араб мамлакатлари фуқароларининг даромадлари баланд, Қувайт, Уммон, Баҳрайн ва Қатар давлатларида фуқаролар кўпроқ оилавий саёҳатни ёқтиришади. Бу — ҳаражат кўпроқ қилишади ва узоқроқ қолишади дегани. Улар керак бўлса, ҳар ой чет элга чиқишга ўрганган. Биз буни ўша давлатлардаги элчихоналаримиз орқали чуқур таҳлил қилганимизда, улар бизга жуда ҳам мос келадиган меҳмонлар эканлигини тушуниб етдик», — деди Азиз Абдуҳакимов.
Унинг қўшимча қилишича, президент туризм ва спорт вазири ҳамда транспорт вазирига бюрократиясиз қисқа муддатда самолётларга қўниш ва учишга рухсат бериш бўйича соддалаштирилган тизимни яратиш топшириғини берган. Қолаверса, аэропортда ёқилғи ва хизмат кўрсатиш нархларини арзонлаштириш зарурлигига эътибор қаратилган.
Туризм ва спорт вазири журналистларнинг Uzbekistan Airways миллий авиакомпаниясининг парвоз нахрлари арзонлашиши ёки йўқлиги борасидаги саволига очиқ осмон ташкил қилиниши эвазига, барчага тенг имконият яратилишини айтди.
«Мисол учун Истанбулдан Чимкентга учиб келиш 260 доллар, бизга бўлса 450 доллар. Қарийб 200 доллар фарқ. Албатта, биз рақобатдош бўла олмаймиз. Ҳозир энди Самарқанд халқаро аэропорти очилса, нархлар тушади. Бу бозор, биз ҳаммага имконият бермоқчимиз. Очиқ осмон бу — ҳамма авиакомпаниялар аэропортга келиб қўниши мумкин дегани. Уларнинг қатнови иккитомонлама бўлади, демакки бизникилар уларнинг хизматидан ҳам фойдалана олади», — деди у.
Азиз Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, «биргина Flydubai лоукостери Самарқандга амалга оширадиган авиақатновларини янада кўпайтиришни сўрамоқда».
Аввалроқ, Самарқанд аэропорти юлдузлар ва сайёраларни изловчи буюк астроном Мирзо Улуғбекнинг ишларидан илҳомланиб яратилаётгани ҳақида ёзган эдик. Янги терминал дизайни китоб шаклида бўлиб, юқоридан қараганда унинг устида юлдузлар туркуми акс этган. Қолаверса, у ишга тушгач соатига 1000 нафаргача йўловчига хизмат кўрсатиши кутилмоқда.