Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2020 йилда содир этилган коррупцион жиноятлар статистикасини эълон қилди.
Судлар томонидан ўтган йил давомида жами 2 270 нафар шахсга нисбатан коррупция билан боғлиқ 1 502 та жиноят иши кўриб чиқилган.
Хабарга кўра, коррупцион жиноятларнинг содир этилишига асосан моддий манфаатдорлик (30%), бюрократик тўсиқларнинг мавждулиги (28%) ва ижтимоий таъминланмаганлик ёки адолатли меҳнат шароити йўқлиги (12%) сабаб бўлган.
Барча омиллар:
- давлат харидлари билан боғлиқ қонун талабларига риоя қилинмаганлиги — 45 нафар шахс;
- ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасидаги профилактика ишлари самарали тарзда олиб борилмаганлиги — 45 нафар шахс;
- давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибининг мавжуд эмаслиги — 50 нафар шахс;
- айбланувчининг соҳага тааллуқли бўлмаган хизматларга бириктирилганлиги (соҳасига тааллуқли бўлмаган хизматларда содир этилганлиги) — 55 нафар шахс;
- шахснинг (жабрланувчи) ўз манфаати йўлида қонунни четлаб ўтишга уриниши ёки бошқа тарздаги манфаатдорлиги сабабли жиноятга йўл очиб берганлиги — 88 нафар шахс;
- иш ҳажмининг тўғри тақсимланмаганлиги ва малакали хизмат кўрсатилмаслиги — 99 нафар шахс;
- давлат органлари ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўйганлиги — 122 нафар шахс;
- ишга қабул қилишда мансабдорнинг (ходимнинг) шахси лозим даражада ўрганилмаганлиги, айбланувчининг малака даражаси етишмаслиги (муқаддам жиноят содир этганлиги ёки содир этишга мойиллиги) — 179 нафар шахс;
- айбланувчининг ижтимоий таъминланмаганлиги ёки адолатли меҳнат шароити ташкил этилмаганлиги — 262 нафар шахс;
- тизимда иш фаолияти тўғри йўлга қўйилмаганлиги, соҳада бюрократик тўсиқларнинг мавжудлиги (фаолиятнинг ўзи коррупцияга йўл очиб берганлиги) — 598 нафар шахс;
- фуқароларнинг моддий манфаатдорлик ёки шахсий бойлик орттириш йўлида жиноятга қўл уриши каби омиллар коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг содир этилишига имкон яратган — 642 нафар шахс.
67 нафар шахсга нисбатан 45 та жиноят иши тугатилган. 2 203 нафар шахсга нисбатан 1 457 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган. Шундан: 80 нафар шахсга нисбатан 59 та жиноят иши бўйича оқлов ҳукми, 2 123 нафар шахсга нисбатан 1 398 та иш бўйича айблов ҳукми чиқарилган.
Жиноят ишлари асосан пора бериш (1056 нафар шахс), мансаб сохтакорлиги (825 нафар шахс), ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (184 нафар шахс) ва пора олиш (133 нафар шахс) моддалари бўйича очилган.
Таҳлилларга кўра, коррупция билан боғлиқ жиноятлар асосан ишсизлар (23 фоиз), таълим (17 фоиз), тиббиёт (7 фоиз), банк (5 фоиз), қурилиш (3 фоиз), ички ишлар (3 фоиз) тизими ходимлари томонидан содир этилган.
Коррупция билан боғлиқ жиноятлар бўйича судланган шахслар тоифаси:
- ишсизлар (493 нафар шахс, шундан 445 нафари пора бериш билан боғлиқ);
- таълим (364 нафар);
- тиббиёт (161 нафар);
- банк тизими (104 нафар);
- қурилиш (74 нафар);
- ички ишлар органлари (69 нафар);
- маҳалла фуқаролар йиғинлари (47 нафар);
- коммунал хизматлар (46 нафар);
- ҳокимият (30 нафар);
- солиқ хизмати (16 нафар);
- прокуратура (13 нафар);
- божхона (7 нафар);
- суд (3 нафар);
- миллий гвардия (1 нафар);
- бошқа соҳалар (741 нафар).
Коррупцион жиноят бўйича чиқарилган ҳукмлар (оқлов, айблов, ишни тугатиш) бўйича шахсларнинг тоифаси бўйича ахборот берилмаган. Шунинг учун ижро ҳокимияти органлари, суд ёки прокуратура ходимлари айбдор деб топилганми ёки оқланганми, бу ҳақида маълумот йўқ.
Олдинроқ, коррупцион жиноятлар асосан ким томонидан содир этилиши ва 2020 йилда коррупцион ҳолатлар қайси вазирликларда кўпроқ учрагани ҳақида маълумот берган эдик.