Самарқанд вилояти прокуратураси ахборот хизматининг хабар беришича, хонанда Жасур Умировга нисбатан тўпланган ҳужжатлар бўйича дастлабки қарор қабул қилган ходимлар ҳаракатига баҳо берилди.
Аввалроқ Жасур Умиров иши бўйича жиноят иши қўзғатишни рад этган терговчининг ҳаракатлари прокуратура томонидан ўрганилаётгани ҳақида хабар қилинганди.
Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан ИИБ терговчисининг хатти-ҳаракатлари устидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, терговчи далилларни сохталаштирмагани, кўрсатувларни ўзгача тарзда қайд этмагани, терговга қадар текширув ҳаракатларида иштирокчиларнинг кўрсатувларини ўзларининг сўзларидан ёзиб олгани аниқлангани сабабли, унга нисбатан ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига (гумон қилинувчи, айбланувчининг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, айбсиз деб топилиши ва реабилитация этилиши) асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Шунга қарамай, ушбу ҳолат бўйича қонуний қарор қабул қилиш учун далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда камчиликларга йўл қўйганлиги сабабли терговчига нисбатан вилоят ИИБ бошлиғининг буйруғи билан «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланилган.
Ҳолат бўйича идоравий назоратни етарли даражада таъминламаган Каттақўрғон туман ИИБ ТБ бошлиғига «ҳайфсан», туман ИИБ бошлиғига эса «танбеҳ» интизомий жазоси қўлланилган. Шунингдек, вилоят ИИБ ТБ бошлиғининг ўринбосари лавозимдан озод қилинганлиги билан чегараланилган.
Жасур Умиров ва бошқаларга оид жиноят иши томонларнинг шикояти асосида Самарқанд вилоят суди томонидан апелляция тартибида кўриб чиқилиб, ҳукм ўз кучида қолдирилган.
Эслатиб ўтамиз, Жасур Умиров вояга етмаган лицей ўқувчисини зўрлаганлиги тўғрисида сентябрда хабарлар тарқалган, 9 декабрда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, хонанда 21 декабрда қамоққа олинган эди. 2 февралда хонанда 5 йилга қамалди.