Ижтимоий тармоқда «Пахтачида ЙПХ ходимлари фуқарони уриб олиб кетишмоқда» сарлавҳаси остида видео лавҳалар тарқалди. Унга кўра ЙПХ ходимлари хизмат машинасида фуқарони олиб кетаётгани акс этган. Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ЙҲХББ изоҳ берди.
26 апрель куни соат 18:30 ларда, Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходимлари И.И, Ф.Д ва Ф.Х лар Пахтачи тумани, «Миркан» МФЙ ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида хизмат ишларини олиб бораётган вақтларида Damas русумли автомобиль ҳайдовчиси транспорт воситасини шубхали бошқариши билан эътиборни ўзига тортган. ЙПХ ходимларига яқинлашган вақтда тўсатдан ортга қайтиб олиб ҳаракатланган.
ЙПХ ходимлари хизматда фойдаланиш учун бириктирилган Lacetti русумли автомобилда ҳайдовчининг ортидан кузатиб боришган.
Хабар берилишича, ҳайдовчи тўхтатилиб, ЙПХ ходимлари билан ўзаро мулоқотда ҳайдовчининг оғзидан спиртли ичимлик ҳиди келган. Ҳайдовчини текшириш мақсадида тиббий кўрикка таклиф этилган. Шундан сўнг, ҳайдовчи ходимларга қаршилик кўрсатган.
Тиббий кўрик хулосасига кўра, ҳайдовчининг мастлик ҳолати тасдиқланиб, унга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган ва Damas русумли автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.