27 ва 28 апрель кечалари Европа Чемпионлар лигасининг ярим финал учрашувлари дастлабки ўйинлари ўтказилади. Бугун бўлиб ўтиши режалаштирилаётган ўйин олдидан жамоалар тайёргарлиги, уларнинг ярим финалга қандай етиб келганлиги ва ўйинчилар ҳолати ҳақида превьюни тақдим этамиз.

Фото: twitter.com/ChampionsLeague

«Реал Мадрид» — «Челси» (Тошкент вақти билан соат 00:00 да)

Жамоаларнинг ҳозирги ҳолати: «Реал Мадрид» жамоаси айни вақтда Испания чемпионатида 33-турдан сўнг 71 очко билан 2-поғонада бормоқда. Жамоанинг энг яқин таъқибчиси «Барселона» битта қўшимча ўйин билан 71 очкога эга. «Реал»дан олдинда эса Мадриднинг бошқа бир жамоаси «Атлетико Мадрид» 73 очко билан пешқадамлик қилмоқда. «Реал Мадрид» 33-турда ўз майдонида «Бетис»ни қабул қилиб, 0:0 ҳисобидаги дурангга имзо чекди.

«Челси» ҳам АПЛда 33-турни ўтказиб улгурди. Жамоа айни вақтда 58 очко билан турнир жадвалида 4-ўринда бормоқда. Улар 33-турни меҳмонда «Вест Хэм»га қарши ўтказди ва унда 0:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ярим финалга қандай етиб келишди?

B гуруҳида иштирок этган «Реал Мадрид» 3 ғалаба, 1 дуранг ва 2 мағлубият билан 10 очко тўплаган ҳолда 1-ўрин билан нимчорак финалга чиқди. «Аталанта»га дуч келган мадридликлар дастлабки ўйинда 0:1, жавоб учрашувида эса 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Мазкур босқичда эса Англиянинг бошқа бир клуби, «Ливерпуль» билан баҳслашган жамоа илк ўйинда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, жавоб учрашувида 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади.

«Челси» ЕЧЛнинг E гуруҳида иштирок этиб, 14 очко билан 1-ўринни эгаллади ҳамда нимчорак финалга йўл олди. Мазкур босқичда «Атлетико Мадрид» рақиби бўлган жамоа дастлабки ўйинда 0:1, жавоб учрашувида эса 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финал иштирокчисига айланган эди. Ушбу босқичда улар «Порту»га қарши куч синашишди. Илк ўйинда 0:2 ҳисобида ғалаба қозонган жамоа, жавоб учрашувида ўз майдонида 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди.

Ўзаро ўйинлар: Жамоалар умумий 5 бор тўқнаш келишган. Шулардан 2 тасида «Реал Мадрид», 2 тасида эса «Челси»нинг қўли баланд келган. Яна 1 ўйинда дуранг натижа қайд этилган.

Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари:

«Реал Мадрид»: Федерико Вальверде, Ферлан Менди, Серхио Рамос, Лукас Васкес, Тони Кроос. «Челси»: Матэо Ковачич.

Жамоаларнинг айни вақтдаги яхши формадаги футболчилари:

«Реал Мадрид»нинг ЕЧЛ доирасидаги энг яхши футболчиларидан бири Винисиус Жуниор. Бразилиялик футболчи мусобақанинг ушбу мавсумида 10 та ўйинда майдонга тушиб, жами 509 дақиқа майдонда ҳаракат қилган. 3 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилиб, 1 марта голли узатманинг муаллифига айланган.

«Челси» сафида ЕЧЛ доирасида Тимо Вернер 9 бор майдонга тушиб, 617 дақиқа майдонда бўлган. У ўзига берилган имкониятдан 3 марта гол урган бўлса, 2 марта голли узатмани амалга оширган.

Жамоалар ўртасидаги жавоб учрашуви 5 майдан 6 майга ўтар кечаси бўлиб ўтади.