Январ-март ойларида Ўзбекистонда 1491 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилиб, уларда 394 киши ҳалок бўлди, 1168 киши жароҳатланди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ хабар берди.
Энг кўп ЙТҲ Фарғона вилояти — 210 та, Тошкент вилояти — 208 та ва Тошкентда — 170 та содир бўлди.
620 та авария пиёдалар, 162 таси велосипедчилар, 95 таси болалар ва 10 таси мотоцикл ҳайдовчилари иштирокида содир бўлди.
Аварияларга асосан тезликни ошириш — 37,8%, пиёдалар ўтиш йўлаклари йўқлиги сабабли белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтиш — 15,3%, устувор ҳуқуққа эга транспорт воситасини ўтказиб юбормаслик — 12,4%, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш — 7,6% сабаб қилиб келтирилган.
Шунингдек, йўл ҳаракатини нотўғри ташкил этиш ва сифатсиз йўллар (4,2%) ҳамда велойўлаклар бўлмаган жойларда велосипедчиларни уриб юбориш (4,2%) ҳам ЙТҲларнинг асосий сабаблари сифатида тилга олинди.
Ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги барча аварияларнинг 5,8 фоизига сабаб бўлган бўлса, рулда ухлаб қолиш 3,3%, автомобилни маст ҳолатда бошқариш 2,6 фоиз ЙТҲга олиб келган.
Аввалроқ 2020 йилда Ўзбекистонда 6982 та ЙТҲ содир бўлгани, уларнинг 1689 таси ўлим ҳолатлари қайд этилгани ва 1962 кишининг оламдан ўтгани ҳақида хабар берган эдик. ЙТҲларда жами 6591 киши жароҳатланган.