Навоий вилоятида Tracker-2 русумли автомашина ЙТҲ содир этди. Бу ҳақда Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ Матбуот гуруҳи катта инспектори Фарруҳ Якубов «Zamon» дастурига маълум қилди.
Ҳодиса 3 май куни соат 21:00 ларда Қизилтепа тумани ҳудудидан ўтган «Когон-Қизилтепа-Тошробод-Янгиқурғон» давлат аҳамиятига эга автомобил йўлдан «Когон-Қизилтепа» йўналишида содир бўлган. Мазкур йўлда ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи ўзига тегишли бўлган Tracker-2 русумли автомашинасини «Когон-Қизилтепа» йўналиши бўйлаб бошқариб бориб, автомашина тезлигини ошириши натижасида бошқарувни йўқотган. Оқибатда, автомашина йўл четига чиқиб кетиб, ағдариган ва йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
Натижада 2 нафар фуқаро воқеа жойида, 1 нафар фуқаро туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этган.
Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.