Айни вақт президент раислигида макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлашга бағишланган видеоселектор бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Давлат раҳбари энергетика вазири Алишер Султанов, вазир ўринбосари Шерзод Ходжаевга «Иссиқлик электр станциялари», «Ўзбекгидроэнерго» билан бирга, саноат тармоқлари, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли эҳтиёжларини тўла қондириш учун, иккинчи чоракда жами 15,5 миллиард киловатт электр ишлаб чиқариши зарурлигини айтди.

«Алишер Султанов (энергетика вазири — таҳр.), Улуғбек Мустафоев („Ҳудудий электр тармоқлари“ бошқаруви раиси — таҳр.) вилоят ҳокимлари билан бирга, жорий йил 1 августга қадар, мавжуд кечикишни тўлиқ бартараф этган ҳолда, АСКУЭ тизимини 100 фоиз ишга тушириши шарт», — деди президент.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда АСКУЭ тизимини жорий этиш 2010 йилдаёқ бошланган эди. Ўшанда лойиҳани 2015 йилда якунлаш режа қилинганди, кейинроқ муддат 2017 йилгача узайтирилди. Шундан сўнг, 2021 йиилнинг охирига қадар аҳолини АСКУЭ тизими билан тўлиқ қамраб олиш режалаштирилди, бироқ кейинроқ муддат 2020 йилнинг сўнггига қадар кўчирилди.

Воқеалар ривожи давомида аҳолини тизимги тўлақонли улаш ишлари 2021 йилнинг 1 мартга қадар тугатилиши, кейин эса 1 апрелгача сурилгани айтилди.

Яқинда «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази директори Равшан Мирсалихов: «Бизнинг мақсадимиз истеъмолчига электр энергиясини сотиб, фойда қилиш», — дея таъкидлаган эди. У АСКУЭ ҳисоблагичи атрофидаги салбий фикр-мулоҳазалар, яқин орада электр энергияси нархи ошиши ва аҳоли тўлиқ тизимга улангач алоҳида тарифлар жорий этилиши мумкинлиги, ҳудудларда нега икки хил ҳисоблагич ўрнатилаётгани ва бошқа саволларга жавоб берган.