Жиззах вилояти прокуратураси ва ДХХ ходимлари Жиззах шахар ҳокимининг молия иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Ойбек Нурматовни пора билан қўлга олишди. Бу ҳақда Ёшлар телеканали хабар бермоқда.

У бир вақтнинг ўзида шаҳар иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи ҳисобланади. Нурматов шаҳардаги ижтимой соҳа объектларида амалга ошириладиган қурилиш таъмирлаш ишлари бўйича ўтказиладиган тендер савдоларини олиб бериш эвазига тадбиркордан 2000 АҚШ доллари талаб қилгани айтилмоқда.

Фото: Видеодан лавҳа.

6 май куни соат 20:00 атрофида Жиззах шаҳри Жиззахлик маҳалласи ҳудудида Ойбек Нурматов 2000 долларни ўзи бошқарувидаги Gentra русумли автомашинасининг орқа юк қисмига ташлаб қўйган ҳолда олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

«Газета.uz» Жиззах шаҳри ҳокимлигидан аниқлик киритишича, Ойбек Нурматов Жиззах шаҳар молия бўлими бошлиғи лавозимида ишлайди. Кадрлар етишмовчилиги сабаб унга шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифалари вақтинча юклатилган бўлган. Унга қадар мазкур лавозимда фаолият юритган Зафар Иргашев бир ой олдин ишдан кетган ва айни шу сабаб шаҳар ҳокимлиги сайтидаги биринчи ўринбосар лавозимида эски маълумотлар сақланиб қолган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.