Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси Сергели туманида бадбўй ҳид тарқалиши билан боғлиқ вазиятнинг сабабларини ўрганди.

Аввалроқ, «Газета.uz» «Тошкент шахар сув таъминоти»га таяниб, Сергели туманининг Ўзгариш маҳалласидан тарқалаётган ёқимсиз ҳиднинг асосий сабаби Салар тўйинтириш иншооти ва Бўзсув каналига турли корхона ва ташкилотлар томонидан оқова сувлар ва чиқиндиларнинг оқизилиши эканлиги ҳақида ёзган эди.

Қўмитанинг ўрганиш натижаларига кўра, ҳақиқатда ўта кучли бўлган бадбўй ҳид Салар сув тозалаш иншооти биринчи қувурининг кириш қисмидаги оқова сувлардан чиқаётганлиги маълум бўлди.

«Механик тозалашдан сўнг оқова сувлар очиқ лоток орқали 500 метр масофада биологик тозалаш иншоотига оқиб бориш жараёнида биологик тозалаш иншоотидан шамол эсган томонга бадбўй ҳидлар тарқалади. Бунинг натижасида бадбўй ҳидлар шу атрофдаги аҳоли яшаш шароитига зарарли таъсир қилмоқда», — дейилади хабарда.

Қўмита маълумотларига кўра, Салар тозалаш иншоотига 533 та корхонанинг ишлаб чиқаришдан ҳосил бўлган оқова сувлари ташланади. Шулардан, «Тошкент шахар сув таъминоти» МЧЖ томонидан нохуш ҳидларнинг чиқишига сабаб бўлиб келаётган потенциал хавфли корхоналар рўйхати тақдим қилинди. Улар жами 18 тадан иборат.

Жумладан, улар қаторида 5 та чарм саноати, 6 та тўқимачилик корхоналари ва бошқалар бор. Ушбу 18 та ишлаб чиқариш корхоналарида текширувлар амалга ошириш мақсадида, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва бизнес-омбудсман келишув асосида ўрганиш ишларини бошлаб юборди.

Ўрганиш натижалари бўйича носоз локал тозалаш иншоотлари аниқланган корхоналарда камчиликлар бартараф қилингунга қадар канализация тармоғидан узиб қўйиш чоралари кўрилади.

«Мазкур корхоналарнинг локал тозалаш иншоотларида реконструкция ишларини амалга ошириш, шунингдек 5 та чарм саноат корхоналарни Тошкент шаҳар ҳудудидан ташқарига кўчиришни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрланмоқда», — дейилади Сенат хабарда.

2020 йилнинг октябрида Ўзгидромет Тошкент шаҳри ва вилоятида Салар канали энг ифлослардан бири бўлиб қолаётганини маълум қилганди. Мутахассисларнинг фикрича, экологик вазиятни барқарорлаштириш ва канални тозалаб туриш учун унга катта ҳажмда сув етказиб берилганида доимий равишда санитария ишларини олиб бориш зарур.

Ноябрда «Ўзсувтаминот» компанияси канализация тизимига чиқарилган чиқиндилар ҳажми йил сайин ортиб бораётганини қайд этганди. Шу сабабли коллектор блокировкалари ва канализация тизимидаги бахтсиз ҳодисалар тез-тез учрамоқда. Тошкентнинг оқава сувларида озиқ-овқат қолдиқлари, бутилкалар, кийим-кечаклар, тагликлар ва ҳаттоки саноат чиқиндилари топилади.