Исломов Миралишер Садриддинович Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази директори лавозимига тайинланди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

У фаолияти давомида Тошкент тиббиёт институти 1-клиникаси бўлим бошлиғи, ушбу клиниканинг Хирургия бўлими бош мутахассиси, даволаш ишлари бўйича бош шифокор ўринбосари, бош шифокори, шунингдек, «AKFA MEDLINE» МЧЖ да тиббиёт технологиялари бўйича маслаҳатчи лавозимларида ишлаган. Бундан ташқари, у Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи вазифасида ҳам фаолият юритган.

Тиббиёт фанлари доктори Миралишер Исломов тайинловдан аввал Қурилиш вазирлиги бош экспертизаси, тиббиёт технологияси бўйича бош мутахассис лавозимида ишлаб келган.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюрган эди. Давлат раҳбари ушбу шифохона учун янги бино барпо этиш, унда болалар онкогемотологияси маркази ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берди. Айтилишича, у ерда ўзак хужайраларини донордан кўчириб ўтказиш — аллоген трансплантация йўлга қўйилади.