Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бизнес-омбудсман) Тошкент туман ҳокимининг «маҳфий» қарори туфайли тадбиркорга товон пули тўланмаганлигини маълум қилди.

«Trader» ХК (номи ўзгартирилган) Тошкент шаҳридаги умумий майдони 72 кв.метрлик савдо дўкони орқали ўз савдо фаолиятини амалга ошириб келган. Савдо дўкони жойлашган ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун шаҳар ҳокимлиги томонидан олиниб, савдо дўкони бузилган.

«Тадбиркорга бузилган савдо дўконнинг ўрнига бошқа бинони ажратиш таклиф этилган. Ушбу бинога бўлган ҳуқуқни тадбиркор номига расмийлаштиришда ҳокимининг қарор нусхаси лозим бўлган, аммо ҳокимнинг қарори маҳфий бўлганлиги важ қилиниб, унинг нусхаси тадбиркорга тақдим этилмаган», — дейилади хабарда.

Бизнес-омбудсман томонидан Чилонзор туманлараро маъмурий судига киритилган аризаси натижасида суд томонидан компенсация ажратишда «Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ҳаракатсизлиги қонунга хилоф» деб топилди ва тадбиркорга бузилган бино-иншоот учун компенсация ажратиш юзасидан мажбурият юклатилди.

Пойтахт маъмурияти ҳозирча мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирмади.