Нур-Султон ва Тошкент кўп марталик сайёҳлик визаси Silk Road Visа`ни жорий этиш бўйича барча техник масалаларда келишиб олди. Бу ҳақда 18 май куни бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов маълум қилди, дея хабар бермоқда «Евразия Эксперт».

«Аниқ санани икки томонлама комиссия белгилайди… Биз барча техник муаммоларни ҳал қилдик, қарор қилиш арафасидамиз. Давлатнинг ички тасдиқлаш тартиб-таомилларидан ўтиб олишимиз керак», — деди вазир ўринбосари.

Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, лойиҳани амалга ошириш учун чет элликлар ариза юбориши мумкин бўлган портал ишга туширилади. Мурожаатга жавоб 48 соат ичида келади. Бош вазир ўринбосари бошқа давлатлар ҳам ушбу лойиҳага қўшилиш бўйича истакларини билдираётганликларини қўшимча қилди.

«Қирғизистон жуда фаол қизиқиш билдирмоқда, Озарбайжон Республикаси билан автоном ўзгаришлар мавжуд, эҳтимол Тожикистон, Мўғулистон, шунингдек, бир қатор Кавказорти республикалари ушбу лойиҳага қўшилиши мумкин. Музокаралар олиб борилмоқда», — деди вазир.

Январь ойида Абдуҳакимов Қозоғистон ва Ўзбекистон туризм соҳасида ҳамкорликни кучайтириши ҳақида айтган эди. Шу билан бирга, у келажакда мамлакатларнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш учун янги транспорт коридорларини очиш режалаштирилганлигини таъкидлаган. Хусусан, Туркистон ва Тошкентни тўғридан-тўғри боғлайдиган янги темир йўл линиясини қуриш тўғрисида келишувга эришилган.