Сешанба куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Республика шошилинч тез тиббий ёрдами илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов 2020 йилда тез тиббий ёрдамга 14,5 миллиондан ортиқ бемор мурожаат қилганини маълум қилди.

«Шулардан 11 миллионга яқини тез тиббий ёрдам „103“ хизмати бўйича ва 3,5 миллионга яқини стационар тузилмаларга мурожаат қилишган», — деди у.

У шунингдек, тез тиббий ёрдам фаолиятида «Damas» автомобилларидан бутунлай воз кечиш режа қилинаётганини маълум қилди.

«Ҳукумат томонидан тез тиббий ёрдам хизмати 2085 та ихтисослашган тез тиббий ёрдам машинаси сотиб олинган. Ҳозирда 2842 та тез тиббий ёрдам машинаси ишламоқда. Шошилинч тиббий ёрдамни ривожлантиришнинг долзарб вазифаси — „Damas“ русумли автомашиналардан босқичма-босқич воз кечиш ҳамда уларни Б ва С классидаги тиббий транспорт воситаларига алмаштиришдир. Агар 2016 йилда тез ёрдам хизмати автоулов паркини асоси „Damas“ автомобилларидан ташкил топган бўлса, ҳозирги кунда тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланган Б ва С классига мансуб реанимобиллар сони 549 тага етди. Яқин кунларда барча „Damas“ автомашиналари 1000 дона Б классига мансуб замонавий машиналар сотиб олиниши ҳисобига алмаштирилади», — деди Тўлаганов.

Бундан ташқари, республиканинг тоғли ва чўл ҳудудларига махсус машиналарни етказиш кўзда тутилган айтилди.

«Бундан ташқари, тоғли ва чўл ҳудудларига юқори ўтувчанликка эга „Соболь“ ва „ГАЗель Next“ тез тиббий ёрдам машиналари билан таъминлаш бошланган. Бу йилнинг щзида 100 дона миқдорида етказиш кутилаяпти», — деди илмий марказ раҳбари.

Таъкидланишича, шу турдаги автомобиллардан 16 таси ўтган ой олиб келинган ва фойдаланиш учун ҳудудларга тарқатилган.