Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги 63-сонли махсус мактаб-интернатидаги болаларнинг юз-кўзлари кўкарган суратлари тарқалди. Унда мактаб тарбияланувчилари йиртиқ-ямоқ кийимдалиги, айрим болаларнинг кўз ва юз қисмлари кўкарган ҳолатдалиги фотолавҳалар кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сенат ахборот хизмати изоҳ берди.

Маълум қилинишича, ҳолат Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган. Тегишли идораларга ушбу масала қонуний кўриб чиқилиши юзасидан кўрсатмалар берилган.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги берган муносабатга кўра, ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, фаолияти давомида масъулиятсизликка йўл қўйган масъуллар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилиниб, амалдаги қонунчиликка мувофиқ суриштирув ишлари давом этмоқда.

«Мактаб-интернатда содир бўлган мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш натижаларига асосан батафсил маълумот берамиз», — дейилади хабарда.