Халқаро метеорология ташкилоти (ХМТ) бутун кузатув даври тарихи бўийча рекорд даражадаги иссиқ йил бўлишини башорат қилмоқда, дея хабар берди БМТ Янгиликлар маркази.

Кейинги беш йил ичида ўртача йиллик ҳарорат саноатгача бўлган даврдаги (1860−1900 йилларга қадар) кўрсаткичларга қараганда камида бир даражага юқори бўлади. Шу билан бирга, камида бир йил давомида 2016 йили кузатилган ҳарорат рекорди янгиланади. Метеорологлар бунга 90% амин эканликларини таъкидлашмоқда.

Катта эҳтимол билан, яъни 40% эҳтимолга кўра, яқин йилларда ҳарорат вақтинча 1,5 даражага кўтарилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2021−2025 йилларда юқори кенгликларда ва Саҳелда ҳаво намроқ бўлиши мумкин ва Атлантикада эса тропик циклонлари тез-тез учрайдиган ҳолатга айланади.

«Бу оддий статистика эмас. Ҳароратнинг кўтарилиши музнинг тезроқ эришига, денгиз сатҳининг кўтарилишига, тез-тез иссиқлик тўлқинлари кузатилиши ҳамда бошқа кескин об-ҳаво ҳодисаларининг келиб чиқишини англатади. Шунингдек, бу озиқ-овқат ишлаб чиқаришга, барқарор ривожланиш, инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга тобора жиддий таъсир кўрсатмоқда», — деди ХМТ Бош котиби Петери Таалас.

Климатологларнинг прогнозлари бизни иқлим ўзгаришларига мослашиш масаласига жиддий қарашга мажбур қилади. Халқаро Метеорологлар Ташкилоти 193 нафар аъзоларининг фақат ярмидагина об-ҳавонинг кескин таъсирини, шу жумладан, соғлиқни сақлаш, сув, қишлоқ хўжалиги ва қайта тикланадиган энергия каби заиф соҳаларга таъсирини камайтириш учун зарур бўлган эрта огоҳлантириш хизматлари мавжуд.

Париждаги иқлим тўғрисидаги битим глобал ҳарорат кўтарилишини бу асрда 1,5 даража атрофида ушлаб туришга қаратилган бўлса-да, унда кўзда тутилган иссиқни камайтириш бўйича миллий ихтиёрий мажбуриятлар ушбу мақсадга жавоб бермайди.

БМТнинг ҳисоблашича, бу йил ва ноябрь ойида Глазгода бўлиб ўтадиган иқлим ўзгариши бўйича музокаралар иқлим ўзгаришини тўхтатиш учун муҳим воқеа бўлиши кутилмоқда.