Ўзбекистон Осиё тараққиёт банки ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкидан жами 200 млн доллар қарз олади.
Бу президентнинг «Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида «Ўзбекистон Республикасида коронавирус COVID-19 инфекциясига қарши шошилинч чораларни кўриш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ўз аксини топган.
Ҳужжат билан жалб этилаётган қарзлар:
- Осиё тараққиёт банкидан 100 млн доллар — 10 йиллик имтиёзли давр билан 40 йилда қайтариш шарти асосида;
- Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкидан 100 млн доллар — 10 йиллик имтиёзли давр билан 30 йилда қайтариш шарти асосида.
ОТБдан ажратилган маблағнинг 35 млн доллари — 1000 та тез тиббий ёрдам махсус автотранспорт воситаларини харид қилишга йўналтирилади.
Бундан ташқари, лойиҳанинг мақсадли кўрсаткичларидан қуйидигаларни амалга ошириш ўрин олган:
- 7 та халқаро стандартларга жавоб берувчи Миллий референс лабораторияларини яратиш;
- 1 та Санитария-эпидемиология ҳузуридаги Миллий референс лабораторияни ташкил этиш;
- 475 та муассасани реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш;
- ССВ тизимидаги камида 80 фоиз тиббиёт ходимларини COVID-19`га қарши текшириш учун тест синовларини ўтказиш;
- 9 та республика ўлат профилактикаси маркази филиаллари ва бўлинмаларини ташкил этиш.
ОТБ ва ОИИБ кредитлари бўйича қарзни тўлаш билан боғлиқ ҳаражатлар, шунингдек, комиссион ва бошқа ҳаражатлар бўйича тўловлар Республика бюджетидан қопланади.