Давлат активларини хусусийлаштириш ва давлат корхоналарини трансформациялаш иқтисодий ўсиш ва аҳоли жон бошига ЯИМни оширишнинг асосий шартларидан бири бўлиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари, иқтисодий ривожланиш ва қамбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров 27 май куни «Давлат корхоналарини бошқариш ва хусусийлаштириш: иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичи» халқаро форумида айтиб ўтди.

«Бизнинг олдимизда иқтисодий ўсишни ва аҳоли жон бошига ЯИМ ўсишини ошириш бўйича катта вазифалар турибди. Ва биз олдимизга қўйилган вазифаларни амалга оширишнинг шартларидан бири сифатида давлат активларини хусусийлаштириш ва давлат корхоналарини трансформациялашни кўриб чиқмоқдамиз», — деди у.

Ҳукумат аҳоли жон бошига ЯИМни ҳозирги 1700 доллардан 2025 йилгача 2500 долларга ва 2030 йилга келиб 4200 долларга етказишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бунинг учун йилига 6−7% га юқори бўлган барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари талаб этилади.

Жамшид Қўчқоров президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилда ялпи ички маҳсулот ўсишини 6 фоиз даражасига етказиш вазифасини қўйганини таъкидлади.

Бош вазир ўринбосари давлат раҳбарининг 2020 йил 27 октябрдаги «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни ва 2021 йил 11 февралдаги «Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида"ги фармонни имзолаганини эслатди.

Изоҳ: Аҳоли жон бошига ЯИМ унинг амалдаги нархлардаги умумий ҳажмини маълум вақт давомида мамлакат ўртача аҳолиси сонига бўлиш йўли билан аниқланади. Ўзбекистоннинг ўртача доимий аҳолиси: 2018 йилда — 32,9 млн киши, 2019 йилда — 33,5 млн киши, 2020 йилда — 34,2 млн киши.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, аҳоли жон бошига ЯИМ реал ўсиш кўрсаткичлари бўйича 2019 йилда 3,8 фоизга, 2018 йилда эса 3,6 фоизга ўсган бўлса, 2020 йилда нисбатан 0,3 фоизга камайди.

2017 йилда валюта бозорининг либераллаштирилиши ва сўмнинг долларга нисбатан қарийб икки баравар пасайиши туфайли аҳоли жон бошига ЯИМнинг кескин пасайиши кузатилди. Манба: Жаҳон банки (2010−2019) ва Давлат статистика қўмитаси (2020).

2019 йилдаги аҳоли жон бошига номинал ЯИМ параметрлари бўйича рейтинг. Манба: Жаҳон банки.

2020 йил бошида президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ЯИМини беш йил ичида 100 млрд долларга етказиш режалаштирилганлигини эълон қилди.