1 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Шеробод туманида бунёд этилган замонавий иссиқхонага ҳам борди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

29 гектарлик иссиқхона ўтган йили ишга туширилган бўлиб, бу ерда помидор, бодринг, булғор қалампири, бақлажон каби бозорбоп маҳсулотлар етиштирилмоқда. 200 нафар маҳаллий ёшлар эса иш билан таъминланган.


Давлат раҳбари иссиқхонани кўздан кечирар экан, маҳсулот ҳажмини кўпайтириш орқали унинг таннархини арзонлаштириш муҳимлигини яна бир бор таъкидлади.

Президент матбуот хизматининг ёзишича, шу ернинг ўзида «Шеробод анор импекс» корхонаси ҳам ташкил этилган. 5 млн долларлик мазкур лойиҳа натижасида анорни қадоқлаш ва қайта ишлаш йўлга қўйилган. Ускуналар Жанубий Корея ва Словениядан келтирилган.

Анор бўлмаган пайтда корхона тўхтаб қолмайди. Мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини саралаб, бозорга чиқаради.

Корхона 6 минг тонна қадоқлаш, 2 минг тонна анор шарбати ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда 70 киши иш билан таъминланган.


Анор меваси аҳоли ва боғдорчилик хўжаликларидан сотиб олинади. Шеробод туманида бир йилда қарийб 30 минг тонна анор етиштирилади. Шундан 8 минг тоннаси экспортга чиқарилмоқда.

Яқингача туманда 2 минг 400 гектар анорзор бор эди. Жорий йилда ҳосилдорлиги паст бўлган 3 минг гектардан зиёд пахта ва ғалла майдонлари ўрнида фермер хўжаликлари ва тадбиркорлар томонидан анор боғлари ташкил этилди. Бунинг натижасида қўшимча 3 мингта янги иш ўрни яратилди. Уч йилдан кейин бу янги кўчатлардан 18 минг тонна ҳосил олиш мумкин. Унинг 8 минг тоннаси қайта ишланиши ва 10 минг тоннаси экспорт қилиниши режалаштирилган.