Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси онкологик шифохоналар қуриш бўйича корейс тажрибаси ва технологиялари билан танишиш мақсадида Жанубий Кореяга борди, дея хабар бермоқда «Дунё» АА.

Жанубий Корея тажрибаси Тошкентда касалликнинг оғирлиги юқори бўлган онкологик беморларни даволаш ва операция қилиш имкониятига эга бўлган ихтисослаштирилган онкологик касалхонани қуришда қўлланилади. Бино Тошкент тиббиёт академияси ҳудудида жойлаширалади. Бўлажак қурилиш майдонига президент Шавкат Мирзиёев май ойи ўрталарида ташриф буюриб, шифохонани лойиҳалаштириш ва қуришда Жанубий Корея тажрибасидан фойдаланишни топширган эди.

Ўзбекистон томони жанубий кореялик экспертлар ва етакчи компанияларга онкологик шифохоналар қуришда иштирок этишни таклиф қилди. Корея Республикаси Квон Док Чоль Ўзбекистон халқи саломатлигини яхшилашга ҳисса қўшишдан мамнунлигини билдириб, юқори даражали онкологик шифохоналар қуриш бўйича Жанубий Корея ҳукумати ноу-хауларини тақдим этишини таъкидлади.

Музокаралар натижасида томонлар ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолайдиган бўлди. Шунингдек, Жанубий Корея Миллий саратон маркази ва Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ва узоқ муддатли ҳамкорлик йўлга қўйилади. Бундан ташқари, Халқаро саратон университетига Ўзбекистон тиббиёт олий ўқув юртлари битирувчиларини онкология соҳасида магистрлик даражасини олиш учун юбориш, шифокорлар ва тиббиёт ходимлари алмашинувини ташкил этиш, Ўзбекистонга Жанубий Кореялик онкологларни жалб этишга келишиб олинди.