БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) соғлиқни сақлаш секцияси ҳамда Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан апрель ойида ўтказилган Ю-Репорт онлайн сўрови натижалари эълон қилинди. Тадқиқотни ўтказишдан кўзланган мақсад мактаблар яқинидаги йўл ҳаракати хавфсизлиги (ЙҲХ) тўғрисида мактаб ўқувчилари ва ёшларнинг фикрини ўрганиш ҳамда уни такомиллаштириш йўлларини топишдан иборат эди.
Сўровда 7500 дан ортиқ мактабга борадиган ёки оилада мактаб ўқувчиси бор респондентлар иштирок этди. Сўров натижалари мактаблар атрофида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича стратегия ва ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш учун қўлланилади.
Респондентларнинг 33 фоизи мактаблари атрофида ЙҲХни таъминлаш бўйича ҳеч қандай чоралар кўрилмаган деб жавоб берди. Тошкент шаҳрида мактабга пиёда борадиган ўқувчилар улуши бошқа вилоятларга нисбатан бирмунча пастроқ (62 фоиз). Ушбу жавобни танлаганларнинг энг юқори фоизи (44%) Сирдарё вилоятида қайд этилган. Шунингдек, Сурхондарё (42%) ва Жиззах (41%) вилоятларидаги респондентларнинг аксарияти мактаб атрофида ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмаганини таъкидлаб ўтишди.
Мактаб атрофида ЙҲХни таъминлаш учун энг кенг тарқалган чоралар сифатида «Болалар» (18 фоиз) ва «Тезликни чеклаш» (14 фоиз) йўл белгилари ўрнатилгани кўрсатилган. Шунингдек, 9 фоиз респондентлар светофор, 9 фоизи — сунъий баландлик мавжудлиги, 8 фоизи эса махсус ходимлар ўқувчиларни кутиб олишини белгилаган.
Аксарият (75 фоиз) респондентларнинг жавобларига кўра, мактаб ўқувчилари мактабга асосан пиёда борадилар. Вилоятлар ўртасида бу саволга жавоб беришда сезиларли фарқлар мавжуд эмас. Фақатгина Тошкент шаҳрида бошқа вилоятлардан фарқли ўлароқ мактабга пиёда борувчи респондентлар улуши бир мунча камроқ (62 фоиз). Тошкентда 17 фоиз ўқувчиларни ота-онаси ўз машиналарида болаларни мактабга олиб боради, 9 фоизи эса автобусдан, 6 фоизи таксидан ва 2 фоизи метродан фойдаланиши маълум бўлди.
Респондентларнинг ярми (51 фоиз) мактабга олиб борувчи йўллар хавфсиз эмас деб ҳисоблайди. Тошкент шаҳрида бундай ўйлайдиганлар улуши каттароқ (60 фоиз). Бундай респондентларнинг улуши Сурхондарё (56%) ва Бухоро (54%) вилоятларида ҳам юқори. Сирдарёлик респондентларнинг ярми эса аксинча, мактабга элтувчи йўллар хавфсиз деб жавоб берди.
39 фоиз респондентлар мактаблардаги ЙҲХ ва йўл ҳаракати қоидалари бўйича дарсларни ўқитиш сифатини «ўртача» баҳолади. Сўров иштирокчиларининг 17 фоизи ушбу дарсни ўқитиш сифати пастлиги ёки дарс бўлса ҳам, уни ўқитадиган ўқитувчининг йўқлигига шикоят қилишган.
Респондентларнинг катта қисми (70 фоиз) ЙҲҚ бўйича ўз билимларини «яхши» деб баҳолади, яна 3 фоиз респондентлар бу қоидаларни билмаслигини белгилади.
37 фоиз респондентлар мактабида ЙҲХ бўйича плакатлар ва қўшимча кўргазмали материаллар мавжуд, деб жавоб берди.
Сўров ёши каттароқ бўлган респондентлар (30 ёшдан катта) мактаб атрофидаги йўллар хавфли деган фикрга кўпроқ қўшилишини кўрсатди: 68 фоизи ушбу вариантни танлаган. Таққослаш учун, 15 ёшли респондентларнинг 22 фоизигина мактабга борадиган йўлни хавфли деб ҳисоблайди.
Ўқувчилар учун ЙҲХни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чоралар ҳақида маълумот олиш учун қуйидаги 3та ахборот канали энг қулай: телевидение — 24 фоиз, ижтимоий тармоқлар — 23 фоиз ва ЙҲХББ мутахассислари билан учрашувлар — 21 фоиз.
ЙҲХни яхшилаш учун нима қилиш керак, деган саволга респондентларнинг 19 фоизи ЙҲХББ мутахассисларини мактаб дарсларига таклиф қилиш дея жавоб берган. Бу ғояни айниқса мактабда ишлайдиганлар кўпроқ қўллаб-қувватлайдилар — уларнинг 22 фоизи ушбу вариантни танлаган.
Ўқувчи респондентларнинг ўзлари ва мактабга укаси ёки синглиси борадиганлар, хавфсизликни таъминлаш учун мактаб ўқувчиларига йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш энг самарали усул (21 фоиз) деб ҳисоблашди.
Ота-оналарнинг фикрига кўра, хавфли йўлларга қарши курашнинг энг самарали усули — мактаблар атрофидаги йўлларда автомобиллар учун тезликни 30 км/соатгача чеклашдир. Ушбу фикрни 17 фоиз ота-она қўллаб-қувватлаган.
Мактаблар атрофидаги ҳудудларни автомобиллар учун мутлақо ёпилишини 7 фоиз респондентлар қўллаб-қувватлади. Шу билан бирга, ушбу вариантни танлаганларнинг улуши Тошкент шаҳридаги респондентлар орасида сезиларли даражада юқори — 17 фоиз, қолган барча вилоятларда ўртача кўрсаткич 5 фоизни ташкил қилди.
«Бошқа» жавоб вариантини кўрсатган 6 фоиз респондентлар қуйидагиларни ёздилар:
- санаб ўтилган барча чора-тадбирларни амалга ошириш керак;
- ҳайдовчилик гувоҳномасини олишдаги коррупцияга барҳам бериш, ҳайдовчилар малакаси ва билимини ошириш;
- мактаблар яқинида камера ва фоторадарлар ўрнатиш;
- светофорлар ўрнатиш;
- йўлда сунъий баландликлар ташкил қилиш;
- мактаб автобусларини ташкил этиш.