Президентнинг 23 мартдаги [ПФ-6191-сон] фармони билан 2021 йил 1 июндан бошлаб солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги (СТИР олганлик) фактларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинган эди.

Шунга асосан, 2021 йил 1 июлдан бошлаб солиқ органларида солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритиш жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамидан фойдаланган ҳолда амалга оширишга ўтилади. Яъни СТИР бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш бекор қилинади, деб хабар бермоқда Давлат солиқ қўмитаси.

Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор ҳисобланади ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларни идентификация қиладиган алоҳида рақамларни юритиш тақиқланади.

Президент фармони билан 1 июндан 16 ёшга тўлган шахсларга ID-карталар бериш уларни солиқ органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш билан бир вақтнинг ўзида амалга оширилиши белгиланган эди.

Шунга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш, ишга қабул қилиш ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда жисмоний шахсларнинг СТИРи солиқ органидан мустақил равишда ёки «Электрон ҳукумат» идоралараро платформаси орқали сўраб олиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбарининг мартдаги тегишли фармони асосида шунингдек, 1 июндан 18 турдаги маълумот ва ҳужжатнинг аҳоли ҳамда тадбиркорлардан талаб қилиниши бекор қилинди. Шунингдек, 7 та турдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиши ва хорижга чиқиш паспортини расмийлаштиришни яшаш жойидан бошқа ҳудудларда ҳам амалга ошириш мумкин бўлади.