Жасур Умировнинг жазоси енгиллаштирилди, дея хабар бермоқда Тошкент вилояти ИИББ матбуот котиби Бобур Туляганов.

Маълум қилинишича, Олий суднинг кассация инстанциясининг 8 июнь кунидаги ажримига асосан Жасур Умиров Жиноят кодексининг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда, шунингдек жабрланувчи ва унинг қонуний вакилининг унга нисбатан даъвоси йўқлигини инобатга олган ҳолда унга нисбатан чиқарилган озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилган.

9 июнь куни юқоридагиларга асосланиб, Жасур Умиров жазони ижро этиш колониясидан озод қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Жасур Умиров вояга етмаган лицей ўқувчисини зўрлаганлиги тўғрисида сентябрда хабарлар тарқалган, 9 декабрда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, хонанда 21 декабрда қамоққа олинганди. У 2 февраль куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, 5 йилга қамалган эди.

Aввалроқ, ижтимоий тармоқларда қиз хонанда уни зўрламаганини, уйланмоқчи эканлигини айтаётгани ҳақида хабар берилган эди.