Шавкат Мирзиёев 17 июнь куни Андижон вилоятига келди. Избоскан туманининг Қўғай маҳалласи — энг чекка ҳудудлардан бирига ташриф буюрди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Яқинда ушбу маҳаллада «Соҳиб омад баракаси» кластери томонидан «And gold» тикув-трикотаж корхонаси ишга туширилган. Давлат раҳбари мазкур фабрика фаолияти билан танишди.

Маълумотга кўра, қиймати 2 млн 500 минг АҚШ доллари бўлган лойиҳа доирасида янги бино қурилиб, замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. Корхона йилига 3 млн 500 минг дона тайёр трикотаж ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларни 100 фоиз экспортга йўналтириш режалаштирилган.

Қайд этилишича, бу борадаги йиллик имконият 5 млн доллардан зиёд. Калава ип етказиб бериш бўйича Хитой ва Россия билан шартнома тузилган.

Корхонада ҳозирча 830 нафар хотин-қиз ишли бўлгани таъкидлаб ўтилди. Давлат раҳбари улар билан суҳбатлашди.


«Сизларга ўзимнинг ҳурматимни, муҳаббатимни билдираман. Ўзларингиз яшайдиган қишлоқда ишли бўлганларингиздан хурсандман. Қачон Избосканда мана шундай замонавий корхона бўлган? Бу ишларни яна давом эттирамиз. Хотин-қизларимиз учун ҳамма шароитларни яратамиз. Аёл ишли бўлиб, кайфияти яхши бўлса, оиласи ҳам бахтли бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Фабрика тўла қувватга чиққанда, чекка ҳудуддаги 1 минг 200 нафар киши доимий иш билан таъминланади, дейилади хабарда.