16 июнь куни Ўзбекистон ҳукумати Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида янги бўлинма — Жамоат саломатлигини сақлашдаги фавқулодда вазиятларга тезкор жавоб қайтариш маркази ишга туширилди.

Марказ АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) кўмаги билан тузилган бўлиб, бу марказлар иккита халқаро ҳамкор ташкилот — Соғлиқни сақлаш соҳасида глобал интеграллашув корхонаси (IGH) ҳамда Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини қўллаб-қувватлаш фуқаролик жамғармаси (CRDF) — воситасида иш юритади.

Марказ очилишида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиев ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм иштирок этди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизматининг маълум қилишича, марказнинг мақсади ССВнинг жамоат саломатлигини сақлашдаги хавф-хатарлар ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аниқлаш ва тезкор жавоб қайтариш салоҳиятини мустаҳкамлашдан иборат. Шунингдек, янги бўлинма ССВ ва бошқа ҳукумат идораларига жамоат саломатлигини сақлашдаги фавқулодда вазиятлар пайтида бошқа ҳамкор ташкилотлар билан алоқа олиб бориш, ахборот бошқаруви, сафарбарлик, мувофиқлаштириш ва ҳамкорлик олиб боришда ёрдам беради.

«Жамоат саломатлигини сақлашдаги фавқулодда вазиятларга тезкор жавоб қайтариш марказининг тузилиши — бу катта аҳамиятга эга ютуқ бўлиб, у Ўзбекистоннинг ўз фуқаролари соғлиги ва ҳаётини муҳофаза қилиш ғоясига содиқ эканлигининг яққол исботидир. Марказ ишга туширилишини қўллаб-қувватлаш ҳамда ушбу мамлакатга жамоа саломатлигини сақлашдаги кескин вазиятларга жавоб қайтариш ва уларга қарши курашишга тайёргарлик кўришдаги самарадорлигини янада оширишда ёрдам бериш биз учун шарафдир», — деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм.

Қайд этилишича, АҚШнинг жамоат саломатлигини сақлаш соҳасидаги агентлиги ҳисобланган CDC ва Ўзбекистоннинг Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати томонидан марказни тузиш ишлари 2020 йилда бошланган. Шу орада экспертлар жамоаси миллий қонунчилик базасини ишлаб чиқди, марказ доирасида кўп томонлама ҳамкорлик олиб бориш йўл харитаси яратилди ҳамда миллий мутахассислар гуруҳи ушбу марказни юритиш соҳасида ўқитилди.

АҚШ ҳукумати COVID-19 муносабати билан Ўзбекистонга 9 миллион АҚШ долларидан ортиқроқ шошилинч кўмак кўрсатди, унинг 2,1 миллион доллари CDC ҳиссасига тўғри келади.