Швеция бош вазири истеъфога чиқди

Швеция бош вазири Стефан Лёвен парламент томонидан унинг бошчилигидаги ҳукуматга ишончсизлик вотумини билдирилганидан сўнг истеъфога чиқишини эълон қилди. «Бу мен қабул қилган энг қийин сиёсий қарор бўлди», — деди Лёвен матбуот анжуманида. — The Local.

21 июнь куни Риксдаг (мамлакат парламенти) аъзоларининг аксарияти бош вазир Стефан Лёвенга ишончсизлик вотумини билдирган эди. Бунга бош вазирнинг янги уйларда кўчмас мулк ижараси учун бозор нархларини жорий этиш таклифи сабаб бўлган. Конституцияга кўра, парламентнинг бундай қароридан сўнг ҳукумат раҳбари истеъфога чиқиш ёки муддатидан олдин сайловларни эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак эди.

Таъкидлаш жоизки, Стефан Лёвен мамлакат тарихида ишончсизлик вотумини олган биринчи бош вазир бўлди.


Ҳиндистон 50 минг нафар ҳарбийни Хитой билан чегара ҳудудига сафарбар қилди

Ҳиндистон сўнгги ойларда ҳудуддаги позицияни мустаҳкамлаш мақсадида камида 50 минг қўшимча қўшинни Хитой билан чегара ҳудудига жойлаштирди. Бу ҳақда ТАСС Mint’га таяниб хабар бермоқда. Мамлакат мудофаа вазирлиги учта чегара ҳудудига қўшинлар ва ҳаво кучлари қисмларини жойлаштирган. Ҳозирда у ерда 200 мингга яқин ҳарбий бор, бу ўтган йилга нисбатан 40 фоизга кўп.

Таъкидланишича, ХХР, шунингдек, Ҳимолой тоғ этаклари Ҳиндистон билан чегарадаги баҳсли ҳудудларни қўриқлаш учун қўшимча кучларни юборган. Манбаларда айтилишича, Хитой чегараолди ҳудудларда бункерлар ва аэродромлар барпо этмоқда. — ТАСС.


Москвада кучли ёғингарчилик кузатилмоқда

Фото: Сергей Бобылев/ТАСС

Шаҳарнинг кўплаб кўчаларини сув босган. «Ясенево» метро станциясини сув босгани сабабли Калужско-Рижская линияси қисмида поездлар ҳаракати тўхтатилди. Шунингдек, Филевская йўналишида поездлар ҳаракати Киевскаядан Кунцевская ер ости қисмида тўхтатилган. Останкино телемарказининг биринчи қаватига ҳам сув келган. Москвадаги трансформаторларнинг бирига чақмоқ ургани сабабли, шаҳарнинг бир қисми электр таъминотисиз қолди. Шаҳарнинг баъзи туманларида ойлик ёғингарчилик меъёрининг 70 фоизи бир неча соат ичида тушганлиги таъкидланмоқда. — Meduza.

Аввалроқ Қрим шарқида кучли ёмғирлар ёққан эди. Натижада, тахминан 40 минг киши электр таъминотисиз, 20 мингга яқин одам сувсиз қолган эди. Шунингдек, 300 дан ортиқ уй сув остида қолганди.


Aфғонистон ҳарбий хизматчиларининг бир гуруҳи Тожикистон чегарасидан ўтди

Aфғонистон армиясининг 17 кишидан иборат гуруҳи Балх вилоятидаги «Толибон» билан қуролли тўқнашувдан сўнг чекиниб, Тожикистон билан чегарадаги Шаҳритус постидан ўтган. Таъкидланишича, мамлакат чегарачилари «инсонпарварлик ва яхши қўшничилик туйғусидан» афғон ҳарбийларини ўз ҳудудларига киритишган. Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, 27 июнь куни «Толибон»нинг қуролланган отряди Балх вилояти Калдор тумани Чукчук қишлоғидаги чегара пунктига ҳужум қилган.

ТАССнинг ёзишича, худудда ҳали ҳам кескин вазият мавжуд, толиблар ва ҳукумат кучлари ўртасида жанглар давом этмоқда. — ТАСС.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Тожикистонга Aфғонистон билан чегарадаги вазият муносабати билан ўз тарафидан сўраладиган керакли ёрдамни тақдим этади, дея ёзмоқда РИА Новости. «Ҳозирга қадар Тожикистон бу масалада КХШТга мурожаат қилмаган», деди ташкилот матбуот котиби Владимир Зайнетдинов нашрга.


Шунингдек:

  • Канаданинг ғарбий қисмида ушбу ҳудуд учун рекорд даражадаги иссиқлик қайд этилди. Ҳарорат 46,6 гача кўтарилди. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, бу сўнгги 84 йил ичида энг юқори кўрсаткичдир.
  • Греция ҳукумати ёшларга COVID-19'га қарши эмланиш эвазига 150 евро таклиф қилмоқда. 26 ёшгача бўлган юнонлар 15 июлда бошланаётган акцияда қатнашиши мумкин.
  • Россия ва Хитой қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани узайтирдилар.