1 июль куни Вашингтонда АҚШ давлат котиби Энтони Ж. Блинкен Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов билан учрашди, дея хабар бермоқда АҚШ Давлат департаменти.

Давлат котиби АҚШнинг Ўзбекистон билан стратегик шериклигини чуқурлаштириш истагини билдирди ва бу йил икки мамлакат дипломатик муносабатларининг 30 йиллиги нишонланишини таъкидлади.

АҚШ давлат котиби «Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни, шу жумладан инсон ҳуқуқлари ва демократияни мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлашини билдирди», дейилади хабарда.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё доирасидаги муносабатларни яхшилаш бўйича ташаббуслари юқори баҳоланиб, икки мамлакатнинг C5 + 1 минтақавий дипломатик платформаси орқали фаол ҳамкорлиги таъкидлаб ўтилди.

Котиб ташқи ишлар вазирига Ўзбекистоннинг Афғонистонда адолатли ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатилишини доимий қўллаб-қувватлаши учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг минтақавий алоқалари, шу жумладан Марказий ва Жанубий Осиё бўйлаб фаровонлик ва равнақни қўллаб-қувватловчи йўллар орқали Афғонистон билан яқинроқ сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликка эътиборини олқишлади.