Самарқанд вилоятидаги «Сазаган» дала-ўқув майдонида Россия Федерацияси ҳарбий мутахассислари билан ҳамкорликдаги ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ўтказилаётган жанговар тайёргарлик машғулотлари бошланди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳарбий хизматчилар жанговар тайёргарлик машғулотларини ташкил этиш ҳамда янги усул ва услублар юзасидан ўзаро тажрибалар алмашишади. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Россия ҳарбийлари томонидан «БТР-82» жанговар техникасининг мўлжалга олувчи оператор ва механик ҳайдовчиларини тайёрлаш, «АГС-17» ва «РПГ-7» гранатомёти ҳисоби мутахассислиги, ўқчи, мерган ҳамда артиллерия мутахассисликлари бўйича ўзаро ҳамкорликда жанговар тайёргарлик машғулотлари олиб борилади.

Тайёргарлик машғулотлари 14 кун давом этади. Ҳарбий хизматчилар ўзларининг эгаллаган билим ва кўникмаларини кундузги ва тунги шароитларда амалий машғулотлар асосида олиб боришади.

Фото

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати