Марказий сайлов комиссияси томонидан 23 июль куни ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон президенти сайлови ўтказилиши муносабати билан мамлакатга келган ДИИҲБнинг илк миссияси хулосалари ҳақида маълумот берилди.
Аввалроқ, октябрда бўлиб ўтадиган президент сайловига тайёргарлик жараёнларини ўрганиш мақсадида 24−25 май кунлари Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари Ўзбекистонга ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.
Анжуманда МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров мазкур миссиянинг якуний хулосаси билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, махсус миссиясининг ҳисоботи 19 июль куни эълон қилинган.
МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров.
«Сайлов кампаниясида оммавий тадбирларни ўтказиш, туҳматга бўлган жавобгарликни енгиллаштириш, сайлов кампанияси даврида давлат ресурсларидан ноқонуний фойдаланишни тақиқлаш, шу жумладан, давлат мансабдор шахсларининг ҳам сайлов кампанияси тарғибот ишларида иштирокини тақиқлаш, сайловларни молиялаштириш борасидаги очиқликни таъминлаш, сиёсий партиялар томонидан оралиқ ва даврий ҳисоботларнинг тақдим этилиши жуда ижобий баҳоланган. Бу миссия ҳисоботида акс этган ва ҳисобот ҳамма учун очиқ, бюронинг расмий веб-сайтида ҳам батафсил эълон қилинган», — деди у.
У шунингдек, миссиянинг ҳисоботидан сайловга тайёргарлик жараёнларига берилган баҳо ҳам ўрин олганини қайд этди. «Сайловга иштирокчиларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, ўтказилаётган тренинглар, бундан ташқари, сайловга тайёргарлик жараёнида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш масалалари ҳам ўрин олган ва ижобий баҳо берилган», — деди Қўчқоров.
МСК раиси ўринбосари миссия ҳисоботида нафақат сайловга тайёргарлик жараёнлари, балки ўтган сайловларда берилган тавсияларнинг амалиётга тадбиқ этилиши юзасидан ҳам ижобий баҳо берилганини айтди.
«Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2019 йилдан кейинги даврда сайлов тизими, сайлов қонунчилиги ва сайлов амалиётида амалга оширилган ишларга ҳам баҳо бериб ўтилган. Миссиянинг ўтган сайловларда берган тавсияларининг сайлов қонунчилиги ва сайлов амалиётига жорий этилиши ижобий баҳоланган», — деди Баҳром Қўчқоров.
Аввалроқ, у сайловчилар ташаббускор гуруҳлари мустақил равишда ўз номзодини кўрсатиш масаласида ҳам фикр билдириб, буни ҳал этиш қонун чиқарувчиларга боғлиқ эканлигини таъкидлаганди. «Бу борадаги келгуси ҳаракатлар нафақат Марказий сайлов комиссиясига, балки биринчи навбатда қонун чиқарувчиларимизга боғлиқ», — деган МСК вакили.
МСК Ўзбекистон президенти сайлови куни этиб 24 октябрни белгилади. Сайлов кампаниясига эса 23 июлдан бошлаб старт берилди.