Халқ банкида муаммоли кредитлар салмоғи ошиб кетгани сабабли тижорат кредитлари вақтинча тўхтатилди, дея хабар қилди банк матбуот хизмати.
«Aммо яқин кунларда қайтган маблағлар ҳисобидан ушбу кредитларни бериш йўлга қўйилади», — дейилади хабарда.
Давлат дастурлари доирасидаги имтиёзли кредитлар эса берилмоқда. Бу йўналишдаги кредитлар муаммоли кредитлари кўп бўлмаган ва кредитлар ўз вақтида қайтаётган филиалларда қайтган маблағлар ҳисобидан берилади.
Марказий банк статистикасига кўра, 1 июль ҳолатида Халқ банки портфелидаги муаммоли кредитлар (NPL) улуши 15 фоизни (21,3 трлн сўмнинг 3,2 трлн сўми). Бу эса давлат банклари ўртасида «Ўзагроэкспортбанк»дан (62,6%) кейинги иккинчи кўрсаткич ҳисобланади. Июнь ойи бошида эса Халқ банкининг муаммоли кредитлари ҳажми 6 фоиз (20,9 рлн сўмдан 1,26 трлн сўми) даражасида эди.
Маълумот учун: Муаммоли кредитлар (NPL, Non-performing loan, ишламайдиган кредитлар) тўлаш муддати 90 кундан ошиб кетган ҳамда қониқарсиз, шубҳали ва умидсиз дея тоифаланувчи кредитларни ўз ичига олади.
1 январда | 1 февралда | 1 мартда | 1 апрелда | 1 майда | 1 июнда | 1 июлда | |
Кредит портфели | 18 792 | 18 798 | 18 903 | 19 360 | 20 183 | 20 987 | 21 348 |
муаммоли кредитлар (NPL) | 533 | 550 | 719 | 813 | 1 185 | 1 266 | 3 204 |
Улуш | 2,8% | 2,9% | 3,8% | 4,2% | 5,9% | 6,0% | 15,0% |