Ижтимоий тармоқларда Мўйноқда оммавий муштлашув рўй бергани ҳақидаги хабар ва видеолавҳалар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов изоҳ берди.
Қорақалпоғистон ИИВнинг маълумотига кўра, 10 август куни соат 18:00 да Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида жойлашган «Орол» стадионида туманнинг «Мўйноқ сити» ва «Жайхун» жамоалари ўртасида ҳудудий босқичи бўйича футбол ўйини бўлиб ўтган.
«Ушбу учрашувнинг 67-дақиқасида иккита жамоа ўртасида келишмовчилик келиб чиққан ва айрим томошабинлар томонидан ўйинни бошқарган бош ҳакамнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб майдон томонга чиқиб кетиш ҳолати юз берган», дейилади хабарда.
Стадионга жамоат тартибини сақлаш мақсадида бириктирилган туман ИИБ ва Миллий Гвардия ходимлари жанжални тўлиқ бартараф этган ва фуқаролар томонидан тартиб бузилишига йўл қўймаган.
Таъкидланишича, ушбу ҳолат оқибатида ўйин иштирокчилари, ҳакамлар ва томошабинлар орасида тан жароҳатини олиб касалхонага мурожаат қилганлар бўлмаган.
Ҳозирда, жамоат тартибини бузишга сабабчи бўлган фуқароларнинг барчасини шахси аниқланиб, уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш бўйича суриштирув ишлари амалга оширилмоқда.