Иқтисодчи, Мэдисондаги (АҚШ) Висконсин университети бизнес-мактабининг докторанти Беҳзод Ҳошимов сўнгги кунларда Афғонистон бўлаётган воқеалар ҳақида нималарни ўрганганлиги ва жараён қандай кечиши мумкинлиги ҳақида мақоласини эълон қилди. Иқтисодчи ушбу вазиятда Ўзбекистон нимага эътибор бериши кераклигига ҳам тўхталган. Муаллифнинг розилиги асосида, қуйида унинг мақоласидан айрим жойларини жузъий таҳрир билан эътиборингизга ҳавола этамиз.

…Ўзбекистонга келадиган бўлсак, толибларнинг тўғридан-тўғри ҳарбий юришининг эҳтимоли албатта нолга яқин дейишмоқда, Толиблар бундай мақсадлари йўқлигини кўп айтишган. Муҳими, бизнинг ватан ҳимоячиларимиз кучли ва ташқи сиёсатимизга масъул инсонлар бундай нарсалар ҳақида анча олдин ўйлашган ва ҳатто элчихоналар ҳам ёпилмаган. Яъни «Толибон» яқин келажакда бизга тўғридан-тўғри ҳарбий хавф туғдиришга журъат қилмайди деган хулоса қилсак ҳам бўлади.

Лекин бу воқеанинг аянчли иқтисодий оқибатлари ва потенциал ғоявий оқибатлари мавжуд. Равшанки, биз ислоҳотларни қилиб, тезроқ бойисак, «Толибон» каби хатарлар унчалик қўрқинчли эмас. Кўп бой мамлакатлар, шартли Исроил ёки Жанубий Корея ўз душманлари қамровида бўлсалар ҳам, анча нормал ҳаёт кечира оладилар. Лекин камбағаллик ва даромадлар пастлиги — ҳақиқий хавф туғдириши мумкин. Тарихда бирор-бир бой мамлакатда куч ишлатиш натижасида ҳукумат алмашмаган, умуман олсак ҳам, бойлик билан куч ишлатиш жуда боғлиқ — яъни бойиш ва фаровонлик хавфсизлик устига қурилади. Қашшоқлик эса куч илшатилишига олиб келиши мумкин. Бизнинг иқтисодий даражамизда, афсуски, биздек тинч мамлакатлар деярли йўқ, бизнинг даромадларимиз анча «хавфли» чегарада.

Биз ҳозирги тинчлигимиз учун кўп шукр қилган ҳолда, иқтисодий тараққиёт ҳақида ўйлашимиз керак. Киши бошига даромадларимиз ҳалиям 2 минг доллар эмаслигини ҳисобга олсак, тинчлигимиз учун келажакдаги бўлиши мумкин бўлган хавф айнан шу — иқтисодий қолоқлик ва имкониятлар тенгсизлиги. Шунинг учун ҳам, тинчлик, барқарорлик ва осмонимиз ҳамиша муссафолиги ҳақида фикрлаганда, шубҳасиз иқтисодиёт ҳақида фикрлашга мажбурмиз. Иқтисодий тараққиёт деганда, шартли даромадларни ҳозирги сал кам икки мингдан, дейлик, ўн мингга олиб чиқа олсак, биз жанубимизда содир бўлган ва бўлиши мумкин бўлган жуда оғриқли ва хавфли вазиятлардан ўзимизни анча сақлаган бўламиз.

Фаровон, эркин ва адолатли мамлакатларда, куч орқали ҳокимиятни эгаллаш ёки душманлар босқинчи каби хатарлар деярли бўлмайди (куч орқали инқилоблар бой мамлакатларда ҳали бирор марта бўлмаган).

Хулоса қилиб айтмоқчиманки, ўзбекистонликларга ҳам Aфғонистондаги нотинчлик катта қайғу олиб келмоқда ва табиийки, нима қилиш керак деган саволни туғдирмоқда. Равшанки, қаердадир экстремист ғоя ҳукмрон бўлса, ўша ғоя тез тарқайди. Сурия ва Ироқни эсланг. Жуда бўлмаса, бир аср олдинги коммунистик инқилоб бошқа мамлакатлардаги инқилобларга олиб келганлигини эсланг. Яъни экстремист ғояларни бошқа ердаги экстремист ғоялари қувватлантиради, ва бу албатта қўрқинчли.

Биз ўзбекистонликлар, ўйлайманки, ўзимизнинг конституциямизни ва у ердаги ғояларни кўз қорачиғидек асрашимиз керак. Бу дегани эркинликлар кўпайиши керак. Виждон эркинлиги, эътиқод эркинлиги ва диний эркинлик жамиятни барқарор қилувчи муҳим элемент. Бу дегани, инсон ихитиёрий динга эътиқод қилиши ва жумладан ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳаққи — ҳукумат томонидан жуда яхши муҳофазаланиши керак. Aхир эркинликларнинг энг муҳими — бу, шубҳасиз эътиқод ва виждон эркинлиги.

Бундан ташқари, сўз эркинлигини ҳам ҳимоя қилиш керак, бунинг учун эркин ишлайдиган икки институт: парламент ва суд керак бўлади. Фақатгина кучли ва ғоялар учун рақобатли парламент, ҳамда адолатли ва мустақил суд борлиги сўз эркинлигини самарали муҳофаза қила олади. Aдолатни таъминлайди. Худди шундай, сиёсий ислоҳотлар, жумладан, фискал ва сиёсий марказсизлаштирув, сиёсий ва молиявий қарорларни қабул қилишда кўпроқ одамлар иштирокини таъминлаш керак, масалан ташаббусли бюджет тўғри қадамлардан бири.

Aлбатта, тезроқ бозор иқтисодиётига ўтишни ҳам ўйлаш керак. Хоҳлаймизми йўқми, бозор иқтисодиётига ўтмасдан туриб одамларнинг фаровонлигини ошира олмаймиз. Камбағаллик ва иқтисодий қолоқлик экстремизм ва хавфли ғоялар учун ҳам катализатор, ҳам унумдор тупроқ бўлиши ҳақида етарли далиллар мавжуд. Шунинг учун, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар тинчлигимиз ва фаровонлигимиз учун ниҳоятда муҳим деб ўйлайман.

Яна бир нарса, бу қанчалик мақсадга мувофиқ билмайман, лекин фикр эксперименти тариқасида Афғонистондан юқори малакали инсонларни балки Ўзбекистонга олиб келиб бошпана бериш мумкинмикан? Биласиз, урушларда, нафақат мамлакатнинг физик капитали ва инфратузилмаси, балки инсон капитали ҳам шикаст ейди. Ҳозирги аҳволда, Афғонистонда кўплаб юқори малакали олимлар, шифокорлар, муҳандислар, технология билан шуғулланувчилар, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва таълим соҳасида юқори малакага эга инсонлар бор. Уларни қандайдир олиб келиш биз учун жуда катта ютуқ бўлар эди.

Ҳозир уларни кўпчилиги ғарбга кетишмоқчи, лекин кетишлари қийин кечмоқда, биз учун ҳам умуминсоний нуқтаи назардан, ҳам ривожланиш нуқтаи назаридан жуда сифатли инсон капитали албатта қўл келар эди. Бу худди Германия ва Европадан АҚШга уруш пайтида яҳудий олимларни кўчиб боришидек бўлиши мумкин. Албатта, бу баҳсли мавзу, лекин шуни ҳам ёзиб қўяй дедим.