Uzbekistan Airways авиакомпанияси самолётида аввалроқ Афғонистондан эвакуация қилинган кишилар Тошкентдан Франкфурт-Майнга етказиб қўйилди. Бу ҳақда авиаташувчи матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Йўловчилар сони 200 нафардан кўпроқ эди — Германия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, пайшанба кунининг иккинчи ярмида ҳарбий самолётда Кобулдан 311 кишини олиб келишнинг уддасидан чиқилган. Шундай қилиб, Тошкент орқали эвакуация қилинганларнинг умумий сони 900 нафардан ошди.

Фото: twitter.com/BMVg_Bundeswehr

«Ўзбекистон ўз ташаббуси билан чиқди — [эвакуация қилинганларга] барча зарур ёрдам кўрсатилди ва улар [мамлакат] ҳукумати томонидан тақдим этилган самолётда Германияга, Франкфурт шаҳрига учиб кетишади», — дейилади «Ўзбекистон 24» телеканали репортажида. Самолёт ГФРнинг Тошкентдаги элчихонаси сўрови бўйича тақдим этилди.

Бунгача эвакуация қилинганлар фақатгина Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси самолётларида ташилаётган эди.

«Ўзбек халқига раҳмат, бизни қийин вазиятда ташлаб қўймадингиз. Бизни жуда хурсандчилик билан кутиб олишди, озиқ-овқат билан таъминлашди, тиббий ёрдам кўрсатишди, — деди эвакуация қилинганлардан бири телеканал мухбирига. — Биз Ватанимизни жуда оғир вақтда тарк этдик. Биз Германияга учамиз, бироқ ўзбек халқининг оғир кунларимизда қўллаб-қувватлаганини ҳеч қачон унутмаймиз».

«Тошкент аэропорти транзит режимида бўлгани сабабли Афғонистондан келган йўловчиларга ҳудуд бўйлаб ҳаракатланишга рухсат берилмайди. Эвакуация қилинганлардан ҳеч бири шаҳарга чиқмайди, ҳозирча Германия томони уларни Тошкентдан амалга ошириладиган йўловчи рейсларига олаётгани йўқ», — дейилади репортажда.

Кобул ва Тошкент ўртасидаги ҳаво кўприги орқали эвакуация ишлари Афғонистондаги вазият барқарорлашгунга қадар давом этади.