Бугунги кунга келиб маҳаллий ҳокимиятларда 349 нафар тадбиркор олдида уларга тегишли бино ва иншоотларнинг бузилиши муносабати билан 123 млрд сўм миқдорида қарздорлик мавжуд. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев жума куни бўлиб ўтган тадбиркорлар билан учрашувида маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Барча вилоят ҳокимларини огоҳлантираман: 1 сентябрга қадар тадбиркорлар билан барча ҳисоб-китоблар якунига етказилиши, бир сўм ҳам қарздорлик қолмаслиги шарт», — деди давлат раҳбари.

Февралда Бош прокуратура 2020 йилда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузилган мулклар бўйича етказилган зарарларнинг атига 45 фоизи мулк эгаларига қоплаб берилганини маълум қилган эди. «Снос» бўйича энг кўп ноқонуний қарорлар Андижон вилоятида қабул қилинган бўлиб, Тошкент шаҳри эса тўланмаган товон пули миқдори бўйича етакчи ҳисобланади.

Ўтган йилнинг декабрь ойи охирида Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бузиб ташланган кўчмас мулк эгаларига 2021 йил якунига қадар барча тўловлар тўлиқ қопланишини ваъда берганди. Шунингдек, ўшанда депутат Расул Кушербаев «снос» масаласи яқин йиллар ичида энг катта бош оғриғи бўлиб қолишини таъкидлаган эди. ««Снос»га қарши мораторий энг тўғри йўл», — деган эди депутат.

Аввалроқ, ер кодексига давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишнинг янги тартиби оид ўзгартиш киритилган эди. Энди ерни олиб қўйиш тўғрисидаги қарор халқ депутатлари кенгаши томонидан мулкдорлар билан муҳокама қилингандан сўнг қабул қилинади ва бузиш фақат кўчмас мулк учун компенсация тўланганидан сўнг амалга оширилиши мумкин.