Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайланди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги
Сенаторни сайлаш учун сайловлар 24 август куни вилоят депутатларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Саноқ комиссияси хулосасига кўра, қўшма мажлисда 535 та депутат иштирок этиб, овоз бериш жараёнларига 531 киши қатнашди. Шундан 4 та сайлов блютени ҳақиқий эмас, деб топилди, 9 та блютендан фойдаланилмади.
Фото:Тошкент вилояти ҳокимлиги
Яширин овоз бериш натижаларига кўра, 518 та овоз (520 овоздан) Даврон Ҳидоятовнинг сенаторликка номзодини қўллаб-қувватлади.
Нима учун ҳокимлар сенатор этиб сайланади?
Адлия вазири Русланбек Давлетов 2021 йил 16 апрелда «Хошимов иқтисодиёти» лойиҳасига берган интервьюсида нима учун ҳокимлар сенатор этиб сайланишини тушунтирган эди. Унга кўра, Олий Мажлис Сенати (юқори палата) — ҳудудий вакиллик органи, бу ерда партиявий ёндашув ва сиёсий қарашлар йўқ. Бундан ташқари, Сенат — бу сенаторлар ўз ҳудудларининг манфаатларини ифода этадиган майдон.
«Агар ҳар бир ҳудуддан 6 та депутат бўладиган бўлса, биттаси ҳоким сайланиб келяпти. Вилоят ҳокими шу ердаги энг катта давлат хизматчиси бўлгандан кейин, уни ҳам мана шу Сенатга сайланяпти», — деди у, ҳокимлар ўз ҳудуди муаммоларини яхшироқ билиши ҳақида таъкидлаб.
Адлия вазирлиги раҳбари Вазирлар Маҳкамаси ҳозирги парламент аъзоларидан иборат бўлган Буюк Британияни мисол қилиб келтирди.
«Бизда Қонунчилик палатамизда умуман бунга йўл қўйилмайди. Чунки депутат доимий равишда депутат фаолиятини амалга ошириши керак. Шунинг учун ҳам Сенат ҳудудий вакиллик бўлгани учун, сиёсий партиялар, фракциялар бўлмагани учун, Конституция нормасига мувофиқ ҳудудий иштирок йўл қўйилган», — дея таъкидлади вазир.
Русланбек Давлетов, шунингдек, Сенат қонун чиқаришни бошлаш ҳуқуқига эга эмаслигини, яъни Сенат қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклифи билан чиқа олмаслигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, буни фақат Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, президент, бош прокурор, Олий суд ва Конституциявий суд амалга ошириши мумкин. Сенаторлар ҳам қонун матни устида ишламайди, фақат қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси киритганидан кейин маъқуллайди ёки рад этади.
Ҳокимлар вилоят кенгашларига раислик қилинишига келса, Адлия вазирлиги бу тартибни бекор қилишни таклиф қилди. Вазирнинг ўзи ҳам ҳокимларга кенгашни назорат қилиш ва депутатларга босим ўтказиш имконини берадиган амалдаги тартибни бекор қилиш тарафдори.
Даврон Хидоятов ҳақида
Даврон Ҳидоятов (1976 йилда туғилган) — Тошкент давлат иқтисодиёт университети (1998) ва Ўзбекистон банк -молия академияси (2001) битирувчиси. У (1996−2004) Марказий банк тизимида ишлаган, (2004−2005) Москва шаҳридаги «Азия-инвест-банк» акциядорлик тижорат банки бошқаруви раиси, (2009−2012) -GM Uzbekistan ёпиқ акциядорлик жамияти молия масалалари бўйича бошқарувчи директори, (2011−2012) СП MAN Auto-Uzbekistan МЧЖ қўшма корхонаси бош директори, (2014−2017) Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси бўлган.
Шунингдек, у Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ҳокими (2017−2018), Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари (2018−2021) лавозимларида ишлаган. Январь ойининг охиридан бошлаб у Тошкент вилояти ҳокими бўлиб ишлаган ва 19 мартда вилоят ҳокими этиб тўлиқ тасдиқланган.