Шавкат Мирзиёев Навоий вилояти Кармана туманидаги янги қуёш электр станциясини ишга тушириш маросимида энергетика соҳасидаги вазифа ва режаларни айтиб ўтди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президент таъкидлашига кўра, сўнгги 5 йилда электр энергияси истеъмолчиси бўлган тадбиркорлар сони 25 фоизга, уларнинг истеъмол ҳажми эса 30 фоизга кўпайган.

«Келгуси 5 йилда иқтисодиётимиз ўсишини 1,5 баробарга ошириб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини камида 100 миллиард долларга етказишни режа қилганмиз. Бу борада ўрта ва йирик шаклдаги минглаб янги саноат корхоналари ишга туширилиб, электр энергиясига эҳтиёж 100 миллиард килоВатт соатга етади. Бу рақам — ҳозиргидан 30 миллиард килоВатт соатга кўп дегани», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек келгуси 5 йилда қиймати 6,5 млрд доллар бўлган 19 та лойиҳа ҳисобидан, қўшимча равишда 11 минг 500 мегаВатт янги қувватлар ишга туширилади. 2030 йилга бориб, электр энергияси ишлаб чиқариш таркибида қайта тикланувчи манбалар улуши 30 фоиздан ортади, дея маълум қилди давлат раҳбари.

Бундан ташқари, электр энергиясини ҳудудларга етказиш учун 500 ва 220 киловольтли 3 минг километр янги электр тармоқлари барпо этилиши кўзда тутилмоқда.

Давлат раҳбари таъкидлашига кўра, бугунги кунда паст кучланишли тармоқларнинг 66 фоизи, подстанцияларнинг 74 фоизи ва трансформатор пунктларининг 50 фоиздан кўпроғи эскирган. Шунинг учун келгуси беш йилда жами 70 минг километр паст кучланишли электр тармоқлари, 22 минг дона трансформатор ва 100 дан ортиқ подстанциялар тўлиқ янгиланади, деди у.

«Кейинги пайтда қўшни мамлакатлар билан ягона энергетика занжирини ташкил этиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Шу мақсадда, электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилади. Энг муҳими, минтақамиз мамлакатлари энергия тизимини ўзаро боғлайдиган қўшимча магистрал тармоқларни ишга туширамиз», — дея таъкидлади президент.