Foreign Languages хорижий тиллар телерадиоканали Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимидаги Oilaviy телеканали негизида ташкил этилмоқда. Тегишли қарор 27 август куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан қарор қабул қилинди, дея хабар бермоқда Norma.uz.

Телеканалнинг асосий вазифалари:

  • аҳоли, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод ўртасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш;
  • ўқувчиларнинг хорижий тилларни пухта ўзлаштиришига кўмаклашувчи илмий-оммабоп, ҳужжатли, бадиий фильмларни намойиш этиб бориш;
  • эфир орқали тил ўргатувчи кўрсатувларга малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳамда улар иштирокида маҳорат теледарслари, видеоролик, ўйин, кўнгилочар кўрсатув, фильмлар ва бошқа ўргатувчи контентларни яратиш ва эфирга узатиш;
  • профессионал таржима қилишда ютуқларга эришган мутахассисларнинг илғор тажрибаларини тарғиб қилиш;
  • хорижий тилларни ўқитишнинг халқаро тан олинган дастур ва дарсликлари таълимнинг барча босқичларида жорий этилишини изчил ёритиб бориш ҳамда ўқитувчиларнинг замонавий тил ўқитиш кўникмаларини ривожлантиришга кўмаклашиш.

«Foreign Languages» дастурларни бир кеча-кундузда 24 соат давомида хорижий тилларда эфирга узатади, бунда ҳар куни камида 3 соат эфир вақти хорижий тилларни онлайн ўргатишга ажратилади.

Эслатиб ўтамиз, Oilaviy телеканали Миллий телерадиокомпания томонидан 2013 йилда ишга туширилган.