3 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортида янги учиб кетиш залининг очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълумотга кўра, янги учиб кетиш залида «йўловчиларга барча қулайликлар яратиш мақсадида» замонавий ускуналар, «яшил» ва «қизил» йўлаклар, йўловчиларни рўйхатга олиш учун 12 та рўйхатга олиш ҳисоблагичи ўрнатилган. Шунингдек, 6та паспорт ва чегара назорати пункти, очиқ Wi-Fi тармоғи, Duty Free дўконлари, кафе, она ва бола хонаси, телескопик трап учун чиқиш зонаси ва автобусларга чиқиш учун 2 та гейт (дарвоза) мавжуд. Шунингдек, ушбу залнинг 2 минг квадрат метр майдони тадбиркорлик фаолияти учун тақдим этилиши режалаштирилган.
«Амалдаги халқаро авиайўналишлар учиш зали реконструкциясининг иккинчи босқичи жорий йилнинг октябрь ойида бошланиши режалаштирилган ва у 2022 йилнинг май ойида якунланади», — дея маълум қилди Uzbekistan Airports АЖ бошқаруви раиси Раъно Жўраева.
Учиб кетиш залининг очилиши. Чапдан ўнгга: Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Uzbekistan Airports АЖ бошқаруви раиси Раъно Жўраева ва транспорт вазири, Uzbekistan Airways компанияси бошқарув раиси Илҳом Маҳкамов. Фото: «Ўзбекистон 24».
Uzbekistan Airports раиси ўринбосари Жавлонбек Умархўжаевнинг сўзларига кўра, ушбу зона умумий 11 ярим минг квадрат метрни ташкил этади. Соатига 600 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга.
«Халқаро аэропортлар сиёсати бўйича кетяпмиз, яъни бутун халқаро аэропортларда навиация тушумларидан умумий 50 фоиз даромад топишади. Биз ҳам ҳозирги сиёсатимизни айнан ушбу йўналишга йўналтирганмиз», — деди у.
«Шу билан бирга, биз махсус ускуна ва тизимлардан ташқари, чет элдан экспертларни чақирганмиз ва улар бизда фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича ходимларимиз билан тренинг ишларини амалга оширишмоқда. Яъни янги зона ва янги даражадаги сервисни фуқароларимизга, Худо хоҳласа, кўрсатамиз», — дея қўшимча қилди у.
Қайд этилишича, ушбу лойиҳа президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил апрель ойидаги «Фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан амалга оширилган. Лойиҳа пудратчиси — «O'ZPROMHOLODMONTAJ» МЧЖ.
Тадбир давомида Uzbekistan Airports ва Тошкент давлат транспорт университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Яқин келажакда Uzbekistan Airports аэропортларда, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида замонавий савдо, умумий овқатланиш, банк ва бошқа йўловчиларга хизмат кўрсатиш тармоғини кўпайтиришни режалаштирмоқда, дейилади хабарда.