Президент Шавкат Мирзиёев 13 сентябрь куни «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида"ги Қонунни имзолади. Ҳужжат 15 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган, 31 июлда Сенат томонидан маъқулланган эди. У ярим йилдан кейин кучга киради.

Бугунги кунда сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги муносабатлар 20 га яқин қонуности ҳужжатлар билан тарқоқ ҳолда тартибга солинади ва мазкур йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган барча тадбирлар қонунчиликда назарда тутилмаган, дея хабар қилган эди парламент юқори палатаси.

Республика аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар тўплами бугунги кунда яққол етишмайди.

Қонунда Ўзбекистон маъмурий-ҳудудий бирликлари ҳудудининг сейсмик хавфсизликни таъминлаш объектлари; мудофаа, саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, илмий -техник комплекслар, сув омборлари ва гидротехник иншоотлар, соғлиқни сақлаш муассасалари, таълим ташкилотлари, жамоат ва турар -жой бинолари; моддий ва маданий мерос объектлари; кўприклар, йўл ўтказгичлар, туннеллар ва йўллар; муҳандислик ва транспорт коммуникациялари, газ, сув, иссиқлик ва электр таъминоти тармоқларига тааллуқлидир.

Мазкур объектлар аҳамиятига кўра қуйидаги тоифаларга бўлинади:

  • I тоифа — хавфлилик омили паст бўлган объектлар;
  • II тоифа — хавфлилик омили ўртача бўлган объектлар;
  • III тоифа — хавфлилик омили юқори бўлган объектлар;
  • IV тоифа — хавфлилик омили жуда юқори бўлган объектлар.

Қонун сейсмик хавфсизлик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб беради. Бино ва иншоотларнинг (мавжуд ва фойдаланишга топширилган) зилзилага бардошлилигини мониторинг ва назорат қилиш, сув омборлари бўйича кузатувлар ўтказиш, уларнинг зилзилага бардошлилиги мониторинги, одамлар саломатлиги ва ҳаёти ҳамда аҳоли мулкига зарарни камайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, йўқотишлар (моддий, иқтисодий ва бошқалар) хавфи, сейсмик хавф ва зилзилалар эҳтимолини башорат қилишнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, иншоотларнинг сейсмик қаршилигини кучайтириш киради.

Ҳужжатда Вазирлар Маҳкамаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Фанлар академияси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ваколатлари белгилаб берилган.

Алоҳида боб сейсмик хавфсизлик соҳасидаги фаолиятни ташкил этиш: сейсмик хавфни баҳолаш, зилзилалар эҳтимолини аниқлаш, бино ва иншоотларнинг сейсмик қаршилигини текшириш ва мониторинг қилиш, сейсмик хавфни баҳолаш, уни камайтириш, оқибатларини бартараф этиш, зилзила, зарарни баҳолаш ва бошқаларга бағишланган.

Қонунга кўра, жисмоний ва юридик шахслар тегишли ҳудудда сейсмик хавф даражаси тўғрисида тўлиқ ва ишончли ахборотларга эга бўлиш, зилзила пайтида ўзини тутиш қоидалари ва уларга тайёргарлик тўғрисида маълумот олиш, шунингдек, зилзила вақтида ходимлар хавфсизлигини таъминлаш ва уларни тўғри ҳаракатланиш бўйича ўқитиш учун мутахассисларни жалб қилиш ҳуқуқига эга.

Қонун Ўзбекистон ҳудудида бўлган шахсларни ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари талабларини бажаришга ҳамда ўз ҳаёти, соғлиғи ва мулкини сақлаб қолиш учун зилзилаларга қарши эҳтиёт чораларини кўриш мажбуриятини юклайди.

Юридик шахслар ўз ходимларини зилзила пайтида ўзини ҳимоя қилишга ва фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ўргатишлари, жойларда огоҳлантириш тизимларининг доимий тайёрлигини таъминлашлари, ўз юрисдикциясидаги объектларнинг барқарор ишлашини таъминлаш шартларига риоя қилишлари ва ҳаётини таъминлашлари шарт.