7 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Андижон давлат тиббиёт институти ўқитувчилари ўз хохишлари билан ойлигидан 300 минг сўм шанбаликка бераётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Шу куни ҳолат юзасидан институт ахборот хизмати изоҳ берди. Унга кўра, 21 август куни Андижон давлат тиббиёт институтида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилган, лекин институт ходимларининг иш ҳақидан олиб қолинмаган.
«Ижтимоий тармоқларда тарқалган бу хабар асоссиз бўлиб, фейк хабар ҳисобланади. Институтда бирор ходим мажбурий меҳнатга жалб этилмайди ва уларнинг розилигисиз бирор тадбир учун ойлик маошларидан ушлаб қолинмайди», — дейилади хабарда.
Адлия вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, ушбу ҳолат Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганиб чиқилган.
Ўрганиш давомида, Андижон давлат тиббиёт институти ректорининг 15 сентябрдаги буйруғи билан ходимларнинг иш ҳақларидан пул маблағларини ихтиёрий равишда шанбалик учун ушлаб қолиш белгиланганлиги аниқланган.
Меҳнат кодексининг 164-моддасига мувофиқ, меҳнат ҳақидан ушлаб қолишга ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
«Бироқ, институт ректорининг юқоридаги буйруғига асосан 743 нафар ходимларнинг сентябрь ойи учун ойлик иш ҳақидан 100−300 минг сўмдан, жами 150 млн сўм маблағлар август ойида ўтказилган ҳашар муносабати билан ушлаб қолинган. Шундан 221 нафар ходимнинг иш ҳақидан уларнинг розилигисиз пул маблағлари ушлаб қолинган», — дейилади хабарда.
Ўрганиш натижасида 150 млн сўм пул маблағлари институт ходимларига тўлиқ қайтарилган. Қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган институтнинг мансабдор шахслари интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган.