Мусулмонлар идораси раиси, муфтий этиб Нуриддин Холиқназаров сайланди. Бу ҳақда идоранинг матбуот хизмати хабар берди.
19 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ҳозиргача Тошкент шаҳри бош имом-хатиби сифатида ишлаб келаётган Нуриддин Холиқназаров Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланди.
Нуриддин Холиқназаров 1968 йилда Андижон вилояти Асака шаҳрида туғилган. 1992 йилда Бухоро вилоятидаги Мир Араб мадрасаси, 1998 йилда Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтини, 2007 йилда эса Фарғона давлат университетини тамомлаган.
Турли йилларда у Асака шаҳридаги «Аҳмадали Махдум» масжиди имом-хатиби, Тошкент шаҳри «Оқ тепа» жоме масжиди имом-хатиби, пойтахтдаги «Кўкалдош», Андижон вилоятидаги «Саййид Муҳйиддин махдум» мадрасалари ўқитувчиси, Андижон вилояти бош имом-хатиби бўлиб фаолият юритган. 2019 йилдан шу кунга қадар эса Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасида меҳнат қилаётган эди.
15 август куни Мусулмонлар идорасининг олдинги раиси, муфтий Усмонхон Алимов 71 ёшида вафот этган эди.