Россияда 30 октябрдан 7 ноябргача ишланмайдиган кунлар деб эълон қилинди
Россия президенти Владимир Путин ҳукумат аъзолари билан йиғилишда COVID-19 билан боғлиқ вазият туфайли бутун Россия бўйлаб 30 октябрдан 7 ноябрга қадар ишланмайдиган кунлар жорий этилиши ҳақида эълон қилди. Шунингдек, ҳудуд раҳбарлари белгиланган санани кутмасдан, муддатидан олдин чеклов режимини жорий этиш ҳуқуқига эга. Владимир Путин агар керак бўлса ушбу дам олиш кунлари 7 ноябрдан кейин узайтирилиши ҳам мумкин, дея таъкидлади. Бу ҳақда Риа Новости хабар берди.
Путин, шунингдек, бош вазирнинг биринчи ўринбосари Андрей Белоусов томонидан йиғилишда эълон қилинган бизнесни қўллаб-қувватлаш ташаббусини маъқуллади. Унга кўра, зарар кўрган корхоналар учун (асосан кичик ва ўрта корхоналар ходимлари учун) энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида бир марталик грантлар жорий қилинади.
Россия ҳукумати ушбу чеклов муддатида бизнес соҳаси 60 млрд рубль зарар кўришини маълум қилди. Шу билан бирга, тўловлар учун 27 млрд рубль керак бўлади ва бунинг қамрови икки миллионга яқин одамни ташкил қилади. Бизнесни қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредитлаш дастури жорий қилинади. Бунда кредит миқдори ходимлар сонига боғлиқ бўлади. Кредит лимити эса 500 млн рублни ташкил қилади.
Шунингдек:
Европарламент Алексей Навальнийни Сахаров номидаги мукофот билан тақдирлади. Навальнийдан ташқари Сахаров мукофоти учун қисқа рўйхатга афғонистонлик аёллар ва Боливиядан келган ҳуқуқ ҳимоячиси ҳам киритилган.
«Россия мухолифатчиси Алексей Навальний 2021 йилги Сахаров мукофоти совриндори», — дейилади фракция Twitter саҳифасида.
Ғолибларни тақдирлаш маросимини 15 декабрда Страсбургда бўлиб ўтадиган Европа парламенти ялпи мажлисида ўтказиш режалаштирилган. Европа Парламенти ҳар йили академик Андрей Сахаров номидаги мукофотни инсон ҳуқуқлари ва Европа қадриятларини ҳимоя қилишга катта ҳисса қўшган таниқли шахслар ва ташкилотларга топширади. Мукофот 1988 йилда таъсис этилган. 2020 йилги мукофотни Беларус аёллари олишган.
Facebook компанияси ўз номини ўзгартирмоқчи
Facebook келаси ҳафтада ўз номини ўзгартириши мумкин, деб хабар берди The Verge нашри. Хабарга кўра, янги ном корпорация таркибидаги WhatsApp, Instagram ва Oculus тармоқларини ҳам ўзида мужассам этиши керак.
Facebook раҳбари Марк Цукербергнинг 28 октябрь куни бўлиб ўтадиган Connect йиллик конференциясида ребрендинг ҳақида батафсил маълумот бериши кутилмоқда. Бу янги ном ҳозирда сир тутилмоқда, ҳатто корпорация раҳбариятининг аъзолари ҳам бу ҳақда билмайди.
Нашрининг ёзишича, янги ном Facebook’нинг янги виртуал офис иловаси Horizon билан боғлиқ бўлиши мумкин. Компаниянинг ўзи ҳозирча ном ўзгариши мумкинлиги ҳақидаги маълумотга изоҳ бермади.
Бразилия сенати президент Болсонаруни пандемиядаги ҳаракатлари билан фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлганликда айблади
Бразилия Сенати ҳисобот эълон қилиб, мамлакат президенти Жаир Болсонарони пандемия пайтида қилган ҳаракатлари учун қотилликда айблаш кераклигини айтди. Шунингдек, унга жами 11 модда бўйича айбловлар қўйилган. 1200 саҳифали ҳисобот Сенатнинг махсус комиссияси томонидан ўтказилган кенг кўламли терговга асосланган. Муаллифларнинг фикрича, президентнинг айби шундаки, у вакциналарни ўз вақтида сотиб олмаган, бу аҳолини эмлаш кампаниясини мураккаблаштирган ва 95 минг одамнинг ўлимига олиб келган.
Бразилия пандемиядан энг кўп зарар кўрган мамлакатлардан бирига айланди. Пандемия бошланганидан бери у ерда 21 миллиондан ортиқ одам касалликка чалинган. Ўлим даражаси бўйича (603 минг киши) Бразилия АҚШдан кейин иккинчи ўринда (730 минг) туради. Вазиятни бошиданоқ вирус хавфини инкор этган президент Болсонаронинг позицияси оғирлаштирди. Президент коронавирусни «енгил грипп» деб атади, у от минишда ва ниқобсиз йиғилишларда қатнашди ва ўзи касал бўлиб қолганида, шифокорларнинг тавсияларига амал қилмади — Коммерсантъ.
Президент Болсонаронинг ўзи унга қўйилган айбловларни рад этиб, уларни сиёсий сабаблари борлиги билан изоҳлаган. Баъзи кузатувчилар бу иш судда кўриб чиқилишига шубҳа билан қарамоқда. Бунинг сабаби эса айбловларни президентнинг ҳимоячиси ҳисобланган мамлакат бош прокурори эълон қилиши керак бўлади.
Буюк Британияда коронавируснинг «дельта» штаммидан ҳам кучлироқ тури аниқланди
Буюк Британияда «дельта» штаммидан келиб чиққан коронавируснинг AY.4.2 варианти билан юқадиган инфекциялар улуши ўсиб бормоқда ва ҳозирда бу мамлакатда COVID-19 билан касалланиш ҳолатларининг 10 фоизини ташкил этмоқда. Инфекциянинг янги шакли «дельта» вариантига қараганда юқумлилиги кучлироқ бўлиши мумкин деб тахмин қилинмоқда, деб ёзади Financial Times.
AY.4.2 штамми биринчи марта Буюк Британияда 2021 йил июль ойида аниқланган. Кембриж геном тадқиқот маркази директори Жеффри Баррет ва Лондон университети коллежи Генетика институти директори Франсуа Баллоунинг сўзларига кўра, коронавируснинг янги варианти «дельта» штаммидан 10−15 фоизга юқумлироқ. Буюк Британияда коронавирус инфекциясининг ҳар ўнинчи ҳолати аллақачон янги штамм билан боғлиқ экани маълум қилинди.
Коронавируснинг янги штамми пайдо бўлишига ниқоб режимига ва ижтимоий масофага етарлича риоя қилинмаслиги, шунингдек, ходимларнинг камчилиги масофадан туриб ишлаши сабаб бўлган. Сентябрь ойининг ўрталаридан буён Буюк Британияда коронавирус билан касалланиш ва ўлим даражаси, шунингдек касалхонага ётқизилганлар сони яна ошди.
AY.4.2 Европанинг бир қанча мамлакатларида топилганига қарамай, у фақат Буюк Британияда кенг тарқалган. Британия олимлари AY.4.2 нинг тарқалишини истисно қилмайди. Шунга қарамай, AY.4.2 инфекциясининг биринчи ҳолати Исроилда аниқлангани маълум бўлди.У ерда вирус Молдовадан қайтган 11 ёшли болада топилган ва у дарҳол карантинга олинган.
Сурияда ҳарбийлар автобуси портлаши оқибатида 14 киши ҳалок бўлди
Суриянинг Дамашқ шаҳри марказида «Раис» кўпригида портлаш содир бўлди. SANA агентлигининг хабар беришича, жангарилар иккита портловчи мосламани ишга туширган, оқибатда ҳарбийлар кетаётган автобус портлаб кетган. РИА Новости манбасининг хабар беришича, портлаш оқибатида 14 киши ҳалок бўлган.
Маълум бўлишича, воқеа жойида учинчи бомба зарарсизлантирилган. Ҳали ҳеч қайси террорчилик гуруҳи ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.
Биткоиннинг нархи 66 минг доллардан ошди
Дунёнинг энг қиммат криптовалютаси бўлган биткоин чоршанба куни рекорд даражадаги 67 минг долларга яқинлашди ва апрель ойида ўрнатилган рекордни ортда қолдирди. Бу ойда биткоин нархи 50% га ошди. Сентябрь ойининг охирида унинг нархи 44 минг доллардан паст эди. Йил охиригача биткоин нархи 100 минг долларгача ошиши кутилмоқда — CNN.