Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган президентлик сайловларида айрим фуқаролар томонидан «оилавий» овоз бериш, яъни бир киши бир нечта бюллетенларини тўлдириш ҳолатлари аниқланмоқда. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров брифингда маълум қилди.
Олдинроқ ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги 519-сайлов участкасида олинган видеолавҳа тарқатилди. Унда кичкина ўғли билан сайлов участкасига келган эркак киши қўлида иккита паспорт билан рўйхатдан ўтгани, участка комиссияси аъзолари эса унга эътироз билдирмагани кўринган. Кейин эркак ва унинг ўғли бюллетенни тўлдириб, овоз бериш қутисига уни ташлаган.
Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров МСК, ОСК билан биргаликда сайлов жараёнларининг ҳаммасини мониторинг қилиб бораётганини ва ижтимоий тармоқларда келиб чиқаётган хабарлар, суратлар ва видеоларни ўрганилаётганини таъкидлади.
«Бугунги Тошкент шаҳридаги 519 сайлов участкасидаги чиққан видеолавҳалар ҳам таҳлил қилинди. Ўрганиш натижаси бўйича тўпланган материаллар прокуратура органларига топширилди. Таъкидлаш жоизки, кўрилган кенг тарғибот ва ташвиқот ишларига қарамасдан ушбу салбий амалиётдан ҳали-ҳануз тўлақонли воз кеча олмаганимизни кўрсатмоқда», — деди у.
МСК раиси ўринбосари фуқаролардан «Бир сайловчи — бир овоз» тамойилига қатъий риоя қилишларини яна бир бор сўраб қолди.
Унинг таъкидлашича, Марказий сайлов комиссияси келгусидаги фаолиятида ҳам «Ўзбекистон сайлов амалимётида „оилавий овоз бериш“ каби салбий жиҳатларни батамом йўқ қилиш юзасидан тизимли чоралар кўришни давом эттиради».
Баҳром Қўчқоров овоз бериш натижаларини сохталаштиришга қарши курашнинг энг самарали йўли жамоатчилик назорати эканлигини қайд этди.