1 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2022 йил учун солиқ тушумлари ҳамда бюджет параметрлари юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Давлат раҳбари йиғилиш давомида 2022 йилда мўлжалланган давлат бюджети лойиҳасида таълим ва тиббиёт тизимига 58 трлн сўм ажратилиши кўзда тутилганлигини билдирди.
«Таълим ва тиббиёт тизимига ҳеч қачон бундай пул бермаганмиз. Шу нарсани халқимиз билиши керак», — дейди президент.
Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, бепул даволаниш ордерига 600 млрд сўм ажратилади.
«Бу ҳам янгилик бизнинг тизимимизда. Касални ўзига пул берамиз. „Битта касаллик учун 50 минг ёки 40 минг сўм сизнинг ихтиёрингизда. Хоҳласангиз тиббиётни давлатникига, хоҳласангиз хусусийга боринг“, деймиз. Шунда сал бўлса ҳам давлат идоралари тиббиётининг дунёқараши ўзгаради, деган фикрим бор менинг», — дейди президент.
Давлат раҳбари ўқитувчи ва шифокорларнинг маошлари босқичма-босқич оширилишини таъкидлаб, бу учун 2022 йилда 350 млрд сўм ажратилишини айтди.
«Энди ҳар бир маҳаллага пул берамиз. 10 100 та маҳаллага айланма маблағ. Ҳар бир йўналиш бўйича йўл харитаси бўлади», — дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев фарғоналик сайловчилар билан учрашув чоғида ўқитувчиларнинг маошини 1000 долларга етказмагунча тўхтамаслигини маълум қилган эди.
Шунингдек, у тиббиётда янгича тартиб йўлга қўйилишини билдирганди.
«Халқимиз содда, шифокор давлат томонидан ажратилган ўнта доридан учтасини берса ҳам рози бўлиб кетаверади. Энди янгича тартиб жорий қиламиз — пулни шифохонага эмас, беморга берамиз», — деган эди Шавкат Мирзиёев.
Ўтган йилнинг ноябрида ўқитувчилар ва шифокорлар билан учрашувда президент уларнинг маошини ошириш бўйича катта режалар ҳақида эълон қилган эди. «Ўқитувчи 1000 доллар олмаса, ишга келмаслиги керак. Худди шу ҳолат шифокор билан. Агар шифокор 1000 доллар олмаса, эртага болалари ва невараларини қандай боқади?» — деган эди президент.
Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда пойтахдаги ҳар бир маҳаллага 10 млрд сўмдан ажратилишини таъкидлаган эди.